НАВРЎЗ ШАРҚОНА ЯНГИ ЙИЛНИНГ БОШЛАНИШИ

{$article.title|escape:html}
2591

Юртимизга баҳор фасли ташриф буюрди. Замин уйғонмоқда. Барча-барчаларимиз интиқиб кутган Наврўз айёми – яшнаш ва яшариш палласи кириб келди. Аллоҳ таоло ер осмонни, коинот ва ундаги барча жисмларни Ўзининг азалий илми билан яратди. Уларда кеча-кундуз, иссиқ-совуқ, баҳор, ёз, куз ва қиш мавсумлари бирин–кетин алмашинувини жорий қилди. Ўз иродаси билан инсон ер юзини обод қилиши ва унда чиройли ҳаёт кечириши учун лозим бўлган ҳаво, сув, қуёш ва тупроқни унга бўйсундирди. Осмонлардан сув ёғдириб, инсон ва барча мавжудот учун ризқ бўлган наботот оламини ўстирди. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:  “Кўраяпсизки, осмонларни устунларсиз яратиб, сизларни тебратмаслиги учун Ерда тоғларни барпо қилди ва унда турли жондор(лар)ни тарқатиб қўйди. Яна Биз осмондан сув (ёмғир) ёғдириб, (ерда) турли чиройли (ўсимликларни) ундириб қўйдик” (Луқмон, 10).

  Қадимда аждодларимиз Наврўзи олам арафасида она юртимизни янада ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларига алоҳида эътибор қаратишган.

  Яратган баҳор мавсумини борлиқ ва табиатда яшариш, яшнаш, ўзгаришларнинг бошланиши этиб қўйди. Баҳор келиши билан табиат узоқ қиш уйқусидан уйғониб жонланади, набототлар ниш уриб чиқади, юртнинг қут-баракаси, тўкинлиги ва фаровонлиги манбаи бўлган зироат, деҳқончилик ишлари бошланиб кетади.

   Наврўз байрами янги фаслнинг бошланиши, табиатнинг уйғониши, деҳқончилик ҳосилига асос қўйилиши жиҳатидан энг халқчил байрам сифатида кўп асрлардан буён бизнинг юртимизда ҳам катта тантана қилиб келинади. Мир Алишер Навоий ҳазратлари ҳам: “Ҳар тунинг қадри ўлубон, ҳар кунинг ўлсун Наврўз, деб бу кунни алоҳида ёд этганлар.

   Бу байрам халқимиз Ислом дини билан шарафланишидан олдин ҳам бўлган, Исломдан кейин ҳам у дин таълимотларига ва мусулмон ақидасига зид бўлмагани учун ҳануз нишонлаб келинади. Наврўз байрами қиш фаслидан чиқиб, баҳор айёмига соғ-саломат етганимиз ҳамда ерга уруғ қадайдиган фурсат етгани муносабати билан деҳқонларнинг ҳам баҳор байрами сифатида нишонлайдиган мавсумий тадбири ҳисобланади.

  Наврўз айёми халқимиз учун шарқона янги йилнинг бошланиши, энг қадимий, асл миллий, энг ардоқли байрамдир. У деҳқончилик ишларининг бошланиши, янги мавсумга кириш вақти саналади. Бу байрамда оммавий халқ сайиллари уюштирилган, янги униб чиққан кўкатлардан, баҳорий таомлар: сумалак, ҳалим, кўксомса, кўкчучвара каби тансиқ таомлар пиширилган. Ўзбекистонда ҳам мустақилликка эришилганидан кейин бошқа қадриятлар қатори Наврўз қайта тикланди. У ҳозир мамлакатимизда умумхалқ байрами сифатида кенг нишонланмоқда. Ҳар йили барча шаҳар ва қишлоқларда байрам сайиллари, томошалар, бошқа тадбирлар ўтказиляпти, айни пайтда хайрия ташкилотлари ёрдамида меҳрибонлик уйлари тарбияланувчилари, уруш ва меҳнат фахрийлари, ёлғиз кексалар, ногиронлар ҳолидан хабар олинмоқда, уларни  қутлаб, турли совғалар, хайр-эҳсонлар тақдим этилмоқда.

  Таъкидлаш жоизки, Наврўз дин ёки эътиқодга умуман дахли йўқ бўлиб, ушбу кун азал шарқ халқларида янгиланиш, яшариш байрами, деҳқончилик мавсумининг бошланиши, янги ҳаёт палласи сифатида кўрилган.

 Бугун биз – барчамиз Аллоҳ берган ризқ-насибамизни кўриб, фарзандларимизга таълим-тарбия бериб, осуда умр гузаронлик қилмоқдамиз. Бинобарин, тинчлик қарор топган юртда хотиржамлик ҳукм суради, оқибатда, жамиятда ҳар томонлама юксалиш ва ривожланиш рўй беради. Дунёда ҳаётнинг бир маромда давом этиши, халқнинг Ҳақ таоло буюрган ишларини мукаммал ва хотиржам адо этишлари учун тинчлик ва осойишталик лозим. Яратган Парвордигор Қуръони каримда тинчликни сақлаш ва қадрлаш вазифасини инсон зиммасига юклаб, Ислом дини тинчликка тарғиб қилишини, шайтоний йўлларга эргашмаслик лозимлигини таъкидлаб, шундай дейди:

  «Эй, имон келтирганлар! Ёппасига тинчлик ишига киришингиз»….! (Бақара сураси, 208-оят).

  Уламоларнинг таъкидлашларича, “Ёппасига” сўзи барча инсонлар бирлашган ҳолда тинчлик йўлини тутишлари, унинг барқарорлиги ва бардавомлиги йўлида ўз ҳиссаларини қўшишлари кераклигини билдиради.

  Дарҳақиқат тинч, осуда юртга байрамлар ярашади. Азиз ватандошлар барчангизга Наврўз муборак!

 

Маъруфхон Алоходжаев,

Наманган шаҳар

“Абдулқодир қори” жоме

масжиди имом-хатиби

Мавзуга оид

img

ТОШКЕНТДАГИ “МИРЗА ЮСУФ” МАСЖИДИГА ЯНГИ ИМОМ-ХАТИБ ТАЙИНЛАНДИ

1099

2016 йил 28 апрель, пайшанба куни Тошкент шаҳри Юнусобод тумани “Бодомзор” даҳасидаги “Мирза Юсуф” жоме масжидига Раҳматуллоҳ қори Сайфуддинов имом-хатиб этиб тайинланди.

Tags: ЯНГИ, ШАРҚОНА, НАВРЎЗ, ЙИЛНИНГ, БОШЛАНИШИ