Рамазон – саховат ва меҳр – оқибат ойи

1803

Бу ёруғ оламга ойларнинг султони хайри-баракотли меҳр-мурувват, саховат, сабр-қаноат, жисмоний ва маънавий покланиш ойи Муборак Рамазон ташриф буюрди.

            Рамазон саҳарларида тунларида баракот, раҳмат, мағфират ёғилади. Салмон Форсий розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда: Пайғамбаримиз с.а.в.: “Шаъбон ойи охирги куни бизларга ваъз қилиб дедилар: “Эй одамлар! Улуғ ва баракотли ой сизларга соя солиб келмоқда. Бу ойда бир кеча борки, у кеча минг ойдан афзалдир. Аллоҳ таоло у ойда рўза тутишни фарз, кечаларида намоз ўқишни суннат қилди. Бу ойда бирор нафл амални қилган киши, бошқа ойларда фарз амалини бажарганини савобини олади. Ким у ойда битта фарз амалини адо этса, бошқа ойларда етмишта фарз амални адо этганининг савобини олади. У сабр ойи, ёрдамлашиш ойидир. Мўминнинг ризқи зиёда бўладиган ойдир. Ким бу ойда рўзадорга ифторлик қилиб берса, унинг гуноҳлари мағфират ва ўзи дўзахдан озод этилишига сабаб бўлади. Рўзадорнинг савобидан асло камайтирилмайди, балки рўзадорнинг савобича унга ҳам савоб берилур”. Биз: “Ё Расулуллоҳ, ҳаммамиз ҳам ифторлик қилиб бера олмаймиз-ку”, дедик. Расулуллоҳ с.а.в: “Аллоҳи таоло бу савобни бир қултум сут ёки битта ҳурмо, ё бўлмаса бир ҳўплам сув билан рўзадорга ифторлик берган кишига ҳам беради. Ким рўзадорни тўйдирса, Аллоҳ таоло унга ҳовузимдан бир қултум сув ичиради, у жаннатга киргунча чанқамайди. Рамазон ойи аввали раҳмат, ўртаси мағфират, охири дўзахдан озод қилиш ойидир, ким у ойда қўл остидагиларга енгиллик берса, Аллоҳ унинг гуноҳларини кечиради ва дўзахдан озод қилади, - дейилади.

            Қаранг шунча фазилатлар ушбу ойда мужассам қилинган экан. Шу сабаб, бу ойда ҳадиси шарифда тавсия қилинганидек биз янада меҳр-оқибатли, саховатли бўлиб, бир-биримизга ёрдамга шошиламиз, бир-биримизни кечириб эътибор кўрсатамиз, куннинг иссиқ совуғига қарамай очликка, чанқоқликка қарши сабр-қаноатни одат қиламиз. Ҳатто кўнглимизни оғритиб қўполлик қилган кишига ҳам яхши муомала қилиб: “Мен рўзадорман” деб узр сўраймиз. Бу ойда мусулмонлар бир-бирларини ифторликка чақириб, беморлар, ногиронлар, оч-наҳорлар ҳолидан хабар олиб, зарарли одатлардан сақланиб, ёлғон, ғийбат, бекорчи сўзларни гапиришдан ўзларини тиядилар.

            Бир ой шундай гўзал ахлоқда, муомалада яшалса, албатта қолган ойларда ҳам шундай яшаш одат бўлиб қолса ажаб эмас. Қанийди барчамиз ана шу рамазон ойидагидек йил бўйи бир-биримиз билан шундай гўзал муомалада, эътиборда яшасак. Бу гўзал, жаннатмакон юртимиз янада яшнаб, халқимиз янада аҳил, меҳр-оқибатли бўлиб кундалик ҳаётимиз байрамларга айланиб кетар эди.

            Куни кеча Муборак Рамазон ойи олдидан муҳтарам Юртбошимизнинг “Муборак Рамазон ойини муносиб тарзда ўтказиш тўғрисида”ги қарори чиқди. Унда тегишли ташкилотларга, муборак Рамазон ойини миллий анъана ва қадриятларга, урф-одатларимизга уйғун ва ҳамоҳанг тарзда ўтказиш чора-тадбирларини амалга ошириш вазифаси юкланди. Ушбу қутлуғ ойда эҳтиёжманд кишиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, зиёратгоҳлар, қабристонларни ободонлаштириш, маҳалларда меҳр-оқибат муҳитини, оилани мустаҳкамлаш бўйича кенг тарғибот олиб боришга алоҳида эътибор қаратиш топширилди. Иккинчи жаҳон уруши иштирокчилари, меҳнат фахрийлари, кам таъминланган муҳтожлар, бемор, ногиронлар ҳолидан, юртимиздаги мурувват ва саховат уйларида истиқомат қилаётган фуқаролар ҳолидан хабар олиб, уларни ҳам рамазон шукуҳини баҳраманд қилиш шарафли вазифадир.

            Муборак рамазон ойида савобли амал ифторликлар тўғрисида айтадиган бўлсак, бу маросим ибодат, тўй эмас. Ифторликда дабдаба ва хўжакўрсин учун тумонат одамларни айтиб исрофга йўл қўйиш ярашмайди. Ифторликни ихчам, ўз яқинлари доирасида рўзадорларга, камбағал ночор қўшнимизни ҳам унутмаган ҳолда ўтказилса мақсадга мувофиқ бўлади. Ифторликни кичикроқ ўтказишдан кўнгли тўлмайдиган бойроқ мусулмонларимиз, ўша мўлжаллаган маблағини маълум бир қисмини маҳалладаги муҳтож оилага сарфласин, ногирон-беморлар ҳолидан хабар олсин, коммунал хизмат тўловларини тўлай олмаётганларга ёрдам қилсин, олийгоҳларда таълим олаётган талабаларнинг шартнома бўйича маблағларини тўлашга, коллеж битирувчиларига ишга жойлаш ёки тадбиркорлик ишини бошлашга ёрдам кўрсатсин, жойлардаги зиёратгоҳ ва қабристонларга, маҳаллани, кўчани ободонлаштиришга сарфласин, шунда шариатимиз талабларига, қадриятларимизга, Юртбошимизнинг юқоридаги қарорларига амал қилган, машаққатли меҳнат эвазига келган бойликларини ўринга сарфлаб улуғ савобларга эришган ва исрофдан сақланган бўлур эдилар.

            Аллоҳи таоло Рамазонни барчаларимизга муборак ва баракотли этсин! Мустақиллигимиз, тинчлигимизни абадий қилсин! Бу ойда қилган барча ибодатларимиз ва хайру саховатларимизни, оиламиз, юртимиз ҳақига қилинадиган барча эзгу тилак-дуоларимизни Парвардигори олам қабул ва ижобат айласин!

 

Адҳамжон Абдураҳманов

Поп тумани бош имоми ва

“Кичик хўжаобод” масжиди имом-хатиби

Мавзуга оид

img

Муқаддас ой саодати

1863

Истиқлолимизнинг шарофати туфайли эл-юртимиз узра ҳуррият ва файзу баракот таралди. 

img

Закот – молиявий ибодат

1592

Маълумки, Рамазон ойида Аллоҳ таоло бандаларига ўз раҳмати ва баракотини кўплаб нозил қилади. Шундай экан ўз навбатида инсонлар ҳам бу кунларни ғанимат билиб, кўпроқ ибодат ва эзгу амалларни адо этишга ҳаракат қилиши лозим

img

ҲАЙИТ ХУРСАНДЧИЛИК КУНИДИР

1740

Рамазон ва Қурбон ҳайитини халқимиз хурсандчилик ва шодиёналар билан кутиб олади. Айём баҳона яқинлар, қариндошлар, ошна-оғайнилар дийдорлашишади. Ҳар бир оилада байрамни хурсандчилик билан кутиш, ширинликлар пишириш, ўша пишириқлардан қўни-қўшниларга улашиш каби одатларимиз байрамга яна ҳам жило беради. 

img

ИЙД МУБОРАК!

1250

بسم الله الرحمن الرحيم

 Муҳтарам жамоат! Мустақил Ватанимиз учун бу йилги Рамазон ойи ҳар қачонгидан файз-футуҳли, шукуҳли, баракотли бўлди. Юртдошларимиз холис ният билан Исломнинг беш рукнидан бири бўлган Рамазон ойи рўзасини чин ихлос ила тутишди. Масжидларимиз намозхонлар билан янада гавжумлашди. Қуръон хатмлари қалбларимиздаги ғуборларни ювиб, ихлосимизни янада оширди.

Tags: asdasdsad