Қоронғи режим
Image
Logo

ҚУРЪОН ОЙИ МУБОРАК!

ҚУРЪОН ОЙИ МУБОРАК!

Рамазон Қуръон ойидир. Ҳа, Рамазоннинг энг буюк фазилатларидан бири – бу унинг Қуръон ойи эканидадир. Аллоҳ таоло Ўзининг сўнги китоби, Қиёматга боқий қоладиган, барчани ожиз қолдирган мўъжиз каломи Қуръони Каримни нозил қилиш учун айнан Рамазон ойини танлаган.

Қалбларга шифо, ҳидоят манбаи Қуръони карим мана шу ойда нозил этилган. Рамазон – Қуръон ойи, сабр ойи, тақво ойи, дилни поклаш, тавбага юзланиш ойи. Бу қутлуғ онларда инсон танаси покланади, қалби қувват олади, дили нурга тўлади. Рамазон Аллоҳга яқинлашиш, солиҳ амалларга белни маҳкам боғлаш ойидир. Рамазон охиратга тадорик кўриш учун энг қулай фурсатдир. Йил давомида занглаган қалбларимизга жило бериладиган, ҳам руҳан, ҳам жисман покланадиган ойдир рамазон. Парвардигори олам шундай марҳамат қилган: "(У саноқли кунлар) рамазон ойидирки, бу ойда одамлар учун ҳидоят бўлиб, ҳидоят ва фурқоннинг очиқ оятлари бўлиб Қуръон нозил қилинган" (Бақара сураси, 185-Оят).

Аллоҳ таоло улуғ рамазон ойи ичига қадр кечасини яшириб қўйди. Қуръони карим айнан ўша кечада туширилган: "Албатта Биз у (Қуръон)ни қадр кечасида нозил қилдик" (Қадр сураси, 1-0Яят).

Қуръони каримнинг нозил бўлиши рамазони шарифдан бошланди. Шу ойдан гўё ер осмон билан боғланди, ерда дунёга келиб, ерда яшайдиган инсонлар учун барча кўрсатмалар осмондан туша бошлади. Энди улар қандай яшаш кераклигини Аллоҳдан, осмонлару ернинг Эгасидан ўргана бошладилар. У Зот бандалари ичида энг яхши инсонни элчи қилиб тайинлади. Бу буюк Элчи соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларга Қуръон оятларини етказа бошладилар.

Расули акрам соллаллоҳу алайҳи ва саллам рамазонни ғанимат билиб, бу ойга ўзгача эътибор билан қарардилар, тоат-ибодатларга белни маҳкам боғлардилар. Рамазонда у зотнинг ғайрат шижоатлари ортар, янаям сахий бўлиб кетардилар.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар, “Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам яхшилик қилишда одамларнинг энг саховатлиси эдилар. Рамазон ойида бундан-да сахий бўлиб кетардилар. Чунки Жаброил алайҳиссалом рамазонда ой охиригача ҳар кечада у зот билан учрашарди, (Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Унга Қуръонни ёддан ўқиб берардилар. Агар Пайғамбаримиз Жаброил билан учрашсалар, яхшиликда эсган шамолдан ҳам сахийроқ бўлиб кетардилар”. Бухорий, Муслим, Насоий, Аҳмад ривоят қилган.

Ваҳий фариштаси Жаброил алайҳиссалом рамазон ойининг ҳар кечасида Расули акрам билан Қуръонни дарс қилиб ўқишарди". " Бухорий, Насоий – Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан — ривоят қилган. Қуръонни дарс қилиш араб тилида "тадорусул қуръон" дейилади. Бу, Қуръон маъноларини, қиссалардан олинадиган ибратларни, ҳукмларини, одобларини ўрганишдир. Уламолар тавсиясига кўра, ҳар бир мўмин-мусулмон банда рамазон ойида Қуръонни камида бир марта хатм қилади, қорилар устозлари ҳузурида Каломуллоҳни ёддан ўқиб ўтказиб оладилар.

"Улуғ зотлар муборак рамазон ойини ғанимат билишган, тоат-ибодат билан ўтказишган, Қуръон тиловати ила безашган. Жумладан, машҳур саҳоба Абдуллоҳ, ибн Масъуд розияллоҳу анҳунинг ҳафтада бир марта хатми Қуръон қилиш одати бор эди. Аммо рамазон ойи келганда, ҳар уч кунда хатм қиларди". Байҳақий "Шуабул имон"да ривоят қилган.

Мазхаббошимиз Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ бир кеча-кундузда Қуръонни бир марта хатм қиларди. Рамазон ойида, ҳайит кунларида икки мартадан хатм қиларди". Манба: Васлий Самарқандий, "Имом Аъзам ҳаёти ҳақида қимматли сўзлар".

Қатода исмли тобеин Қуръонниҳафтада бир марта хатм қилган. Рамазон ойи кириб келса, ҳар уч кунда бир марта хатм қилган. Рамазоннинг сўнгги ўн кунлигида ҳар куни бир марта хатм қилган.

Муборак ой эшик қоққанида, Зухрий: “Бу - Қуръон ўқиш, мискинларга таом бериш ойи”, деб яхшиликка шошиларди.

Суфён Саврий рамазон ойи кириб келганида, Қуръон тиловатига қаттиқ киришарди.

Имом Молик рамазон ойида ҳадис ўқитишни, аҳли илмлар мажлисини вақтинча тўхтатиб, Қуръон ўқишга  жидду жаҳд қиларди. Имом Шофеий рамазонда Қуръонни олтмиш марта хатм қилган".  Абу Нуайм, "Ҳилятул авлиё".

Ҳадис китобларни ўқисак, Рамазон билан Қуръонни эгиз шафоатчи тарзида тасвирланганини кўрамиз. Имом Аҳмад ва Абу Фазлларнинг ҳадис тўпламларида Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Рўза ва Қуръон иккиси Қиёмат куни бандани шафоат қилади: рўза: «Эй Роббим, мен буни кундузлари таом ва шаҳватлардан тўсган эдим, унинг ҳақида шафоатимни қабул қил», дейди. Қуръон: «Мен уни кечалари уйқудан тўсган эдим, унинг ҳақида шафоатимни қабул қил», дейди. Бас, иккови ҳам шафоат қилади»,деганлар».

Ҳозирда кўплаб мусулмон юртларида маҳаллий ва халқаро Қуръон мусобақаларини Рамазон ойида ўтказиш урф бўлган. Бизда ҳам «Хатми Қуръон» деганда Рамазон, «Рамазон» деганда Хатми Қуръон ёдга тушадиган бўлиб кетган.

Яратган зотга беҳисоб шукрлар бўлсинки, юртимизда муқаддас динимиз кўрсатмаларини эмин-эркин адо этишга мияссар бўлиб турибмиз. Жорий 2024 йил юртимиз бўйлаб икки мингдан ортиқ масжидларимизда таравеҳ намозлари, шу жумладан икки минга яқин масжидларимизда хатми Қуръон тадбирлари бўлиб ўтмоқда. Зеро қаерда Аллоҳнинг каломи тиловат этилса, ўша ердаги файз ва барака янада зиёда бўлади иншаолллоҳ. Дуоларимизда жонажон ватанимизни тинчлик ва осойишталигини бардавом бўлишини сўраб, барчаларингизни Қуръон ойи бўлмиш Рамазон ойи билан муборакбод этамиз.

Манбалар асосида тайёрланди

 Абдуҳалим Қаюмов,
 Косонсой тумани “Имом Хусайн” жоме
масжиди имом хатиби

Архив

Илтимос, санани танланг!

АУДИОЛАР

Телеграм

Алоқада бўлинг