ЮРТИМИЗ ҲИМОЯЧИЛАРИ

Ватан ҳимоячиси бўлиш энг шарафли бурчдир. Киндик қони тўкилган Ватанни, шу мустақил она юртни кўз қорачиғидек асраб-авайлаш инсон учун гўё ўз оиласини, шаънини, ор-номусини, имон-эътиқодини ҳимоя қилиш кабидир. Бу йўлда фидоий бўлган киши юксак мақомга етиши, улкан ажрлар соҳиби бўлиши ҳақида башоратлар мавжуд. Ҳазрати Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ йўлида бир кун ёки бир кеча чегара пойлаган кишига, бир ой кундузи рўза тутиб, кечаси ибодат қилганлик савоби ёзилади…”, -деб марҳамат қилган эканлар.

Буюк аждодларимиз юрт ҳимояси йўлида шаъни, ору номусини, имонини ўртага қўйиб, Ватанини ҳимоя қилганликларини тарих варақларида зарҳал ҳарфлар билан ёзиб қўйилгандир. Ватан озодлиги йўлида қўлида тиғ ва туғ ила жон берган хазрат Шайх Нажмиддин Кубро, Ватан ҳажри ва доғида ёниб ўтган ҳазрат Заҳириддин Муҳаммад Бобур Мирзоларнинг ибратли ҳаётлари беихтиёр кўз олдимизга келиши бежиз эмас. Шу боис бўлса керак, улуғ мутафаккирларимиздан бирлари “Ватанпарвар – ўз Ватани камолоти йўлида, ўз халқига муҳаббати туфайли моли, куч ғайрати, жонини ҳам аямайдиган, халқи ва Ватанииинг озодлиги, фаровонлиги учун бор-будини фидо қилувчи инсондир”, – деганэкан.

Айни шундай халқимизнинг ҳозирги кундаги ватанпарварлари – Ватан ҳимоячиларини айтиш мумкин. Уларнинг хизмати, шижоати ва жанговор руҳи беқиёсдир. Юрагида Ватан ва халқ муҳаббати маҳкам жой олган шижоатли ўғлонлар юрт сарҳадларини сергаклик билан қўриқламоқдалар.Тинчлик-осойишталигимизни бор куч-қувватлари билан асраб авайламоқдалар. Биз ҳам уларнинг хайрли фаолиятларида куч-қувват, оилавий бахт-саодат сўраб қоламиз.

 

Абдулҳай ТУРСУНОВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг
Наманган вилоят вакили