БИДЪАТ НИМА?

Инсон Аллоҳ таъолога яқин бўлиш учун шариатда кўрсатилган бирор амални бажарар экан, унинг мақсади кўпроқ савоб топиш учун кўркамроқ адо этишни ҳоҳлайди.

Бироқ билиб-билмай бидъат амалини қилиб қўйиш хавфи уни ўз ҳоҳиш-иродасини амалга оширишига тўсқинлик қилади. Мана шунинг учун мусулмон киши бидъат сўзининг маъносини ва айрим бидъат амаллар ҳақида тушунчага эга бўлиши лозим.

“Бидъат” лўғатда ихтиро, пайдо қилмоқ деган маъноларни англатади.

Ҳаётда руй бермаган воқеани тасвирлаш, руй берганига эса, таъсирини ошириш мақсадида, асли ҳолини безаб баён қилишга бадиийлаштириш дейилади. Мана шу маънодан келиб чиқиб, бидъат сўзига истилоҳда-шаръий асосга эга бўлмаган амални жорий қилиш деб таъриф берилган.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким бизнинг динимизга унда бўлмаган янги нарсани киритса, у рад қилинади”, -деганлар (Муттафақун алайҳ).

Ҳофиз ибн Ҳажар Асқалоний шундай деганлар: Бу ҳадис динни соҳлаташтириб бузишликдан асровчи ҳадислар жумласидан бўлиб, у муҳим қоидани ўз ичига олган, яъни динга зид ва диннинг далиллари, қоидаларига хилоф бўлган ҳар қандай бидъатни рад қилиш лозим эканлигини ифодалайди. Аммо динга зид бўлмаган, шунинг билан бирга унинг асосларига таянган ҳолда кейинчалик динни ҳимоялаш учун жорий қилинган амаллар рад этилмайди.

Уламолар бидъатни икки қисмга бўлганлар:  бидъати ҳасана (яхши бидъат амал) ва бидъати саййиа ( ёмон бидъат амал) (Нузҳатул муттақийн, 1 жузъ, 160-бет)

Бидъати ҳасана (яхши бидъат) деб, шариатда асли бўлган амални шу аслга таяниб, уни шакллантириш учун жорий қилинган қўшимча амалларга айтилади. Бунга Ҳазрат Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг ишларини мисол қилиш мумкин. У киши Рамазон ойида ўқиладиган таровеҳ намозини имомга иқтидо қилиб, жамоат билан ўқишни жорий қилганлар. Аслида суннат амал бўлган таровеҳ намозини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам жамоат билан ўқимас эдилар. Ҳазрат Умар розияллоҳу анҳу эса халифалик даврларида уни жамоат билан ўқишни жорий қилдилар ва “Қандай яхши бидъат бўлди” дедилар. Шунга биноан диний илмлар ўргатиш учун алоҳида мадрасалар қуриш, китоблар чоп этиш, масжидларга гиламлар солиш, мавлуд ўқиш ва шунга ўхшаш дин асосларига зид бўлмаган амаллар бидъати ҳасана бўлади. Аллоҳга тақарруб ҳосил қилиш мақсадида бирор аслга суяниб қилинган ҳар қандай амал луғавий жиҳатидан бидъат деб номлансада, унга амал қилиш жоиз бўлади ва у залолатга бошламайди.

Бидъати саййиа (ёмон бидъат) эса, шаръий аслга эга бўлмаган бирор нарсани жорий қилиш ёки шаръий аслни хилоф равишда айрича талқин қилишдир. Бидъати саййиа кўпинча эътиқод масалаларига тааллуқли бўлиб, шариат кўрсатган эътиқоддан четга чиқиш, эътиқодий масалаларда ғулувга кетишдир.

Салаф уламолари аҳли сунна вал-жамоадан бошқа барча фирқаларни “аҳли бидъат”- деб номлаганлар. Чунки, улар аҳли сунна вал-жамоа эътиқодига зид бўлган ақидаларни илгари суришган.  Хаворижлар: “Гуноҳи кабира қилган киши диндан чиқади”- десалар, мўътазилалар: “ундай киши имондан чиқади, аммо кофир бўлмайди”, дейдилар. Қадарийлар тақдирни инкор қилсалар, Жабарийлар эса, инсон савоб ва гуноҳ ишларини қилишга мажбурлар дейдилар.

Мазкур ақидаларнинг барчаси аҳли сунна вал-жамоа эътиқодига зид бўлиб, ундай эътиқодда бўлиш залолатдир.

Уламоларнинг бидъат аҳли билан ўтириш, улар билан ҳамсуҳбат бўлишдан қайтарганликлари ҳақида асарларда келтирилган. Жумладан: Ҳасан Басрий: “Бидъатчи фосиқ билан ўтирма, акс ҳолда қалбинг унинг гапига моил бўлади ва натижада ҳалок бўласан. Унга қарши чиққан тақдирингда, қалбингга касаллик киради”, деганлар. Яҳё ибн Касийр эса: “Агар йўлда бидъатчига йўлиқиб қолсанг, бошқа йўлга бурилиб кет”, деганлар.

Маъруфхон Алоходжаев,
Наманган шаҳри “Абдулқодир қори” жоме
масжиди имом-хатиби