ТИНЧЛИК ҚАРОР ТОПГАН ЮРТДА ХОТИРЖАМЛИК ҲУКМ СУРАДИ

Инсоният яралибдики, тинч, осойишта ҳаёт кечиришга интилади. Ҳар бир инсон юртида тинчлик-осойишталик қарор топишини, танаси ва оила аъзолари соғлом бўлишини, уй-жойи етарли бўлишини ҳоҳлайди. Аллоҳ таолога шукрлар бўлсинки, юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо, халқимиз эса фаровон ҳаёт кечирмоқда. Бунинг учун, инсоният тили ва дили билан яратганга шукр келтиришлиги лозим бўлади. Чунки, Пайғамбар алайҳиссалом шукрга олий даражада баҳо бериб: “Овқатланиб шукр келтирган инсон кечаси тун бўйи ибодат қилган, кундузи эса рўзадор бўлган обиднинг савобига эга бўлади”, - деб мархамат қилганлар. Яна бир ҳадиси шарифда шундай деганлар: “Киши эрталаб уйқудан уйғониб турса, унинг оиласи тинч, тани соғ, уйида егулик озуқаси барқарор бўлса, неъматларнинг барчасига муяссар бўлибди”. Шундай экан, саломат ҳолда тонг оттирсангиз, оила ва фарзандларингиз тинч-осойишта бўлса, чин мусулмонлик ҳаққи фақат шукр келтиришлик бўлишлигини юқоридаги ҳадис бизга таълим бермоқда.

              Тинчлик қарор топган юртда хотиржамлик ҳукм суради, жамият ҳар томонлама юксалади ва ривож топади. Одамларнинг ўзаро бир-бирларига бўлган ишонч ва садоқатлари, меҳр-мурувватлари, аҳил ва иноқликларининг самимий бўлишиги ҳам асосан юрт тинчлигининг самарасидир.

Афсус билан таъкидлаш лозим бўлган ишлардан, одамлар орасида бузғунчилик, иғво, фитна, ношукурлик ҳолатларини келтирувчи салбий оқибатлар ҳам йўқ эмас. Бу борада Қуръони каримнинг бир неча оятларида бу ишлар гуноҳга сабаб бўлишлиги, Аллоҳ таолонинг ғазабига мубтало бўлишлиги тўғрисида хабар беради. Қуръони каримнинг Бақара сураси, 205 оятида Аллоҳ таоло шундай мархамат қилади: “Аллоҳ эса бузғунчилик-фасодни севмайди”, яна бир оятда “Аллоҳнинг ризқидан еб-ичингиз, Ер юзида бузғунчилик қилмангиз!” (Бақара, 60-оят)

Ҳозирги кунимизга назар соладиган бўлсак, бузғунчи ғояларни тарқатувчи тоифаларга нисбатан қарши тура олишлиги, ҳар бир фуқаронинг бурчи бўлиши керак. Ўзининг ёвуз мақсадларини амалга ошириш йўлида ҳар қандай қабихликлардан қайтмайдиган бу нобакорлар, тинч давлатларга раҳна солаётганлиги ачинарли холат. Урушлар сабабидан меҳр-оқибат, инсонийлик унутилади, эзгу амаллар, улуғ мақсадлар саробга айланади. Демак, тинчлик-хотиржамликни, осойишталик ва фаровон ҳаёт неъматларини дуоларда сўрашликда халқимиз ниҳоят даражада тўғри ва гўзал йўл танлаган.

Аллоҳ таоло бандаларини ўзаро аҳил ва иноқликда, тинчлик-омонликда яшашга тарғиб этиб шундай дейди: “Агар мўминлардан икки тоифа ўзаро урушиб қолсалар, дарҳол улар ўртасини ислоҳ этингиз!” (Ҳужурот, 9-оят). Ўзларининг ноқис ақллари билан ислом динининг манфаатлари йўлида ҳаракат қиляпмиз деб даъво қилаётганлар, аслида ўз динларининг таълимотини, аркон ва қоидаларини тўла тушуниб етмайдилар. Ислом динидан ҳар қандай холатларда бўлсин дунёвий мақсад учун фойдаланиш мумкин эмаслигини англаб етмайдилар. Уни ҳаётга нотўғри тадбиқ этадилар.
Натижада ер юзида парокандаликка, ёвузликка, қотилликка сабаб бўладилар. Аслида, ҳақиқий мусулмон қандай бўлишлиги керак? Мусулмон киши дунёни обод ва кўркам этувчи, унинг гуллаб-яшнаши ва фаровонлиги, осойишталиги ва тараққий топишлиги борасида холис ҳизмат қилувчи кишидир. Иймонли кишиларнинг қалби раҳм-шафқат, меҳрибонлик, адолатпарварлик, кечиримлилик, фидоийлик каби Аллоҳ таоло буюрган эзгу туйғу ва сифатларга бой бўлмоғи лозимдир.

Дунё манзарасига назар ташлайдиган бўлсак, баъзи бир давлатларда бўлаётган нотинчликлар, қон тўкилишлари, бегуноҳ инсонларнинг қурбон бўлаётганлигига гувоҳ бўламиз. Ўзининг ғаразлик мақсадлари йўлида ҳеч нарсадан қайтмайдиган бу ёқуз инсонларнинг қилаётган ишлари на муқаддас ислом динимиз таълимотларига, на бошқа бирорта дин арконларига тўғри келмайди. Дунёга эгалик қилиш ёки бирор бир давлат ҳокимиятини қўлга олиш мақсадида, улдар мана шундай ишларга қўл урмоқдалар.

Шундай экан, бизнинг олдимиздаги энг асосий вазифа тинчлигимизни асрашлик йўлида қўлимиздан келган барча ишларни қилишлигимиздир. Тинчлик ва осойишталик бўлган жойдагина, оилалар тинч, халқ фаровон ҳаёт кечириши мумкин. Аллоҳ таоло гўзал ва жаннатмакон юртимизни турли хил бало офатлардан, фитна фасодлардан Ўз паноҳида асрасин.

Рашидов Жобирхон
"Мулла Тожи Ахмад" жоме
масжиди имом хатиби