ЯХШИ НИЯТ – БАРАКА КАЛИТИ

Инсон қандай иш қилмасин, албатта бирон бир мақсадни кўзлаб қилади. Шунинг учун ҳам қалбдаги ният Исломда муҳим ўрин тутади. Шу боис, қилинаётган ҳар бир амалда ният фақат Аллоҳнинг розилиги учун холис бўлиши лозим. Чунки, Аллоҳ таоло банданинг зоҳирига эмас, балки, қалбига қарайди. Кимнинг қалби тоза ва тўғри бўлса, унинг  вужуди ҳам покиза бўлади. Аксинча, қалб бузилса, бутун вужуд маънан жароҳатланади. Буни қуйидаги ҳадис ҳам қувватлайди.  “Кимки ўз ичи(қалби)ни ислоҳ қилса, Аллоҳ таоло унинг ҳам ислоҳ қилиб қўяди”.

Борлиқ мавжудотларнинг  Яратувчиси инсон қалбидан ўтган ва ўтадиган барча сирлардан ҳам огоҳдир. Қалб эса жуда нозик бўлиб, у жуда тез ўзгарувчан бўлади. Ҳадисда: “Инсоннинг қалби бамисоли саҳрода ётган қушнинг пати кабидирки, шамол уни гоҳ у томонга, гоҳ бу томонга аҳдариб туради”– дейилган.

Мўминнинг қалбида жуда кўп яхши амалларни қилишга ният ва истак бор. Лекин уни бажариш учун имкон бўлмаслиги мумкин. Шунинг учун мўминнинг қалбидаги нияти қилаётган амалидан кўра яхшироқдир. Аксинча, мунофиқ кишининг қалбида жуда кўп ёмонликларни қилишга ният ва хоҳиш бор. Лекин уни руёбга чиқаришга имкон топа олмайди. Шунинг учун нияти амалидан ёмонроқдир ва амали ниятидан кўра яхшироқ, яъни зарарсизроқдир.

Инсон доимо яхшиликни ният қилса, Аллоҳ таоло унинг нияти руёбга чиқишида мададкор бўлади. Масалан, оилада эр ва хотин ҳар бир амалида ва барча муомалаларида оиланинг тинчлиги ва ислоҳини ният қилсалар, Аллоҳ уларни шунга эриштиради.

Шуни ҳам эсдан чиқармаслик керакки, инсон қандай амал қилмасин, унинг нияти Аллоҳнинг розилигини топиш бўлса, амали мақбул бўлади, иншааллоҳ. Дейлик , инсон ғазабланганида ғазабини ичига ютса, лекин бу ишни одамлардан қўрққани ёки уялгани учун эмас, аксинча Аллоҳнинг ризосини топиш ниятида бўлса, албатта, савоб олади.

Бунинг акси бўлиб, банда бир ишни қилишда нияти ёмонлик бўлса, у ҳеч қачон мақсадига эришолмайди. Масалан, мол-дунёсини кўпайтириш ниятида ҳаром бўлган судхўрлик йўлини танласа, моли кўпаймайди, кўпайса ҳамунинг баракаси бўлмайди.

Инсоннинг охиратдаги ҳолати кўп жиҳатдан амал қилаётган вақтдаги ниятига боғлиқ бўлади. Ҳасан Басрий (р.ҳ) шунга ишора қилиб: “Жаннат аҳллари жаннатда, дўзах аҳллари дўзахда доим қолишлари фақатгина ниятлари сабаблидир”

Дарҳақиқат, холис ният билан қилинган озгина амал, Аллоҳ розилиги йўлида қилинган заррача эҳсон инсон учун бир неча йиллик ибодат савобини қозонтиради. Обрў орттириш, инсонларга яхши кўриниш учун қилинган катта-катта ишлар эса риё бўлиб, булар туфайли савоб эмас, балки гуноҳ орттирадилар

Маъруфхон АЛОХОДЖАЕВ,

Наманган шаҳридаги “Абдулқодир қори”

жоме масжиди имом-хатиби