ДИН ВА ДУНЁ ОДОБЛАРИ

Одоб масаласи Исломда ўта муҳим ўрин тутади. Муқаддас динимиз таълимотлари инсонларни чиройли хулқлар билан зийнатланишга, одоб билан юксалишга чақиради. Ёшлар ва фарзандларимизни катталарни ҳурмат қилишга ўргатиш, уларга эътиборли бўлиш, ширин сўз ва бошқа гўзал ҳислатлар эгаси қилиб тарбиялаш-бурчимиз. Бу фазилатларни уларнинг руҳига, вужудларига сингдириш зарур. Токи, ёшлар кириш-чиқишларда ёши катталарга йўл берсинлар, уловларга чиқиш ёки минишларда уларни олдинга ўтказиб юборсинлар ва жой берсинлар.Ушбу кўз илғамас кичик ҳурматлар кундалик ҳаётимизни безайди, жамиятнинг мустаҳкам ва кучли бўлишини таъминлайди. Ислом шариъати дўстликни, ҳамкорликни кучли ва гўзал даражага кўтаради.  Ёши улуғлар кичикларга насиҳат тарзида тўғридан-тўғри одобга чақириши ва уларга яхшиликни тилаган ҳолда панду ўгит беришлари лозим бўлади. Тилимизда «одоб» тарзида талаффуз қилинишга одатланиб қолинган арабча «адаб» сўзи аслида яхшиликка чақиришни англатади, у «маъдаба» ўзагидан олинган. Маъдаба эса одамларни яхшиликка, маънавий зиёфатга чақиришни англатади. Одоб ҳам одамлар доимо даъват қилинадиган маънавий «маъдаба», яъни зиёфат бўлгани учун шу номни олган. Демак, одоб яхшилик демакдир. Болам , одоб сақла! Болам, одоб ўрган! Одоб омад ва хурмат чақиради. Яхши самимий дуоларга одоб эриштиради. Одобсизлик омадни хам, ҳурматни ҳам кетказади. Ҳаётга, рўзғорга файз ва баракани одоб келтиради.

Абу Муҳаммад «Китобул Воъий» асарида: «Одоб одамларни мақталган нарсаларга чақиргани учун одоб деб номланган», дейди.

Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу “Одоб ўрганинглар кейин таълим олинглар” дедилар: Абдуллох ибн Муборак розияллоҳу анҳу “агар менга бир кишини сифатланса у кишида аввалгию охирги илмлар бор экан аммо нафс одоби йўқ экан деб у киши билан кўришмаганим учун афсус чекмайман. Агар эшитсам бир кишини нафс одоби юксак экан деб у киши билан кўришишни орзу қиламан ва кўришмасам афсус қиламан” дедилар. Булардан илмдан одоб юқори туришлиги тушунилади. Исломда одоб масаласи ибодат даражасига кўтарилган. Шаръий одобларга амал қилган кишиларга ажр ваъда қилинган ва ибодатларни адо этишда ҳам одоблар жорий этилган.

Барча замонларда, ҳамма ўлкаларда яхши хулкли, олийжаноб, ширинсўз, ҳалим инсонлар жамиятнинг кўрки, одамларинг аълоси бўлиб келган ва бундан кейин ҳам шундай бўлиб қолади. Айниқса, Шарқ олами бу борада бутун инсониятга ибрат-намуна бўлган. Олий хулқ соҳиби бўлмиш Пайғамбар алайхиссаломга эргашган инсонлар Яратганнинг ҳукмларига бўйсуниб, хулқларини тузатишган, яхши фазилатлар соҳиби бўлишган. Оилада, яқинлар даврасида, одамлар билан муносабатларда комил одобларини намойиш қилишган.

Ҳусни хулққа (яхши, чиройли хулққа) қандай қилиб эришилади? Нима қилса инсонларнинг гултожи бўлиб, икки дунё саодати қўлга киритилади? Бу ҳақда одоб китобларимизда жуда кўп тавсия-маслаҳатлар келган:

«Ҳамма ишларингизда тўғри бўлинг, одамларга муомалада хулқингиз чиройли бўлсин! Кичикни ҳурмат қилмаган, кексанинг қадрига етмаганлар биздан эмас».

«Одамларга таом беринглар ва ширинсўз бўлинглар». «Яхшиликни чеҳралари очиқ, хушрўй одамлардан кутинглар». «Дин – чиройли хулқ ва ғазаб қилмасликдир».

«Сизларнинг энг яхшиларингиз хулқ-атвори яхши бўлгани ва хотинларига яхши муомала қилганидир».

«Яхши инсонлар гўзал хулқлари билан кечаси ибодат қилганлар ва кундузи рўзадор бўлганлар даражасига эришишади».

«Аллоҳ ва Унинг пайғамбарига севимли бўлган икки хислат бор: булар мулойимлик ва вазминликдир»

«Одамлар билан хушмуомалада бўлинглар, уларга қаттиққўллик қилиб, беҳаё сўзламанглар».

«Узини камтарин олиб юрувчи, ҳалол касб қилувчи, қалби пок, кўриниши ёқимли, одамларга зарар етказмайдиган, хайр-эҳсон қиладиган, беҳуда гапдан ўзини тиядиган кишилар инсонларнинг энг яхшиларидир».

 ҳусни хулк асоси булган муомала одобининг айрим омиллари билан танишинг: одамлар билан муомала килишда ширинсўз, мулойим ва камтар бўлишга ҳаракат килинг.

• Одамлар билан яхши муносабат ўрнатинг, уларга кўпол ва бехаёларча сўзлаб, дилларини оғритманг.

Инсонларнинг энг яхшиси муросага осон келадиган, қалби соғ ортиқча гап-сўзлардан ўзини тиядиган кишилардир.

Чиройли хулқли бўлиш учун нафсингизни жиловлай олинг. Ӯзгалардан айб-нуқсон қидирманг, бировда ёмонлик содир бўлса, яхшиликка йўйиб, сабр қилинг, бошқалар ғамини енг.

Ӯзгалар билан муомала чоғида уларни ғийбат қилиш, ҳасадгўйлик, суҳбатдошини камситиб, камчилигини юзига солиш, бошқаларни менсимай, паст назар билан қараш, обрўси, бойлиги ёки мансабига қараб муомала қилиш одобсизликдир.

Ёши улуғ кишилар, устозлар, илм аҳллари билан муомалада

уларнинг кўзига тик боқмай, гапларини жим тинглаш, саволларигагина жавоб қайтариш, амрларини сўзсиз бажариш, хизматларига шай туриш ҳам ярашиқли одобдандир.

Ҳар бир нарсада динимиз кўрсатган одобга амал қилсак, аввало бу дунёмиз учун, асосийси, охиратимиз учун яхшилик касб қилган бўламиз.

Иброхим Қосимхўжаев,
“Ғойибберди махдум” жоме
масжиди имом хатиби