МАЪНАВИЙ БАРКАМОЛ АВЛОД ТАРБИЯСИ

         Юртимизда истиқлолнинг илк кунлариданоқ маънавиятга, маърифатга таълим-тарбияга давлат сиёсат даражасида эътибор қаратилди. Уларга мустақилликни мустаҳкамлашнинг бир воситаси сифатида қаралди. Яъни, тўғрилик, ҳалоллик, поклик, ватанпарварлик, инсонпарварлик, халқпарварлик, эзгулик барчаси юксак комилнинг мазмун моҳиятини ташкил қилади.

        Маънавий баркамол инсон ва комил инсон тушунчалари бир-бири билан ҳамоҳангдир. Бундай инсонлардан элга, юртга, халқига фақат манфаат келади. Демак, комиллик илмни ва аҳлоқ-одобни ўзида мужассам этади. Бизнинг ислом динимиз кўрсатмаларида ҳам илмли кишилир билан илмсиз кишилар тенн эмасликлари баён қилинган, ҳамда ота-онадан қоладиган меросларнинг энг афзали аҳлоқ-одоб эканлиги таъкидлаб ўтилган. Демак, барча ижобий ислоҳотлар умуминсоний қадриятларни ўзида мужассам этади. Юртимиз келажаги маънавий баркамол ёшлар қўлида эканлиги тўғрисида юртбошимиз таъкидлаб “Келажагимиз  баркамол ёшлар қўлида” деганлар. Кўриниб турибдики болалар баркамол инсон фазилатлари ҳақидаги аниқ ва тўлиқ таърифдир.

      Маънавий баркамол инсон шон-шуҳрат, мансаб, моддий бойлик кетидан қувмайди. Моддий қийинчиликларга дуч келганда қадди букилмайди, ҳатто уюштирилган туҳмату фитналар унинг руҳини тушира олмайди. Демак, ҳар қандай қисмат баркамол инсон маънавиятини буза олмайди. Аксинча, мустаҳкамлайди, чиниқтиради, собит қадам қилади.

      Маънавий баркамолликнинг асосий қирралари қуйидаги фазилатлардан намоён бўлади: Ота-она, қариндошлари, қўни қўшнилари, маҳалла-кўй ва бутун мамлакат халқи фаровонлиги йўлида қайғуриши: Ўзга инсонлар унга керак бўлгани сингари у ҳам уларга фойдали бўлишга интилиши: одоб-аҳлоқи, феъл атвори ёқимли, хушхулқ бўлиш, бошқаларга ёрдам беришни инсоний бурч деб ҳисоблаш: Аждодлар илмий амалий меросларига ҳурмат қилиш ва уларнинг ўрганишга жидду жаҳд қилиш: Миллий, диний, маънавий қадриятларни эъзозлаш ва уларга содиқ қолиш, ватанпарварлик, халқ парварлик, инсонпарварлик туйғуларида собит қадам бўлиш: Ўзаро муомала-муносабатда ўрнак бўлиш, бировнинг оғирини енгил қилишга одатланиш: умумхалқ маъқуллаган ва ҳукумат томонидан қабул қилинган қонунни ҳурмат қилиш ватан ҳимояси яъни ватанпарварлик туйғулари билан яшаш: диёнат ва адолат, меҳр-шафқат ва эзгулик химоясида собит туриш: Ваъдага вафоли бўлиш, ва омонатга ҳиёнат қилмасликдир.

     Маънавий баркамоллик муайян қирра ва мезонларга ҳам эга. Булар мустақиллик тафаккури истиқлолнинг туб моҳиятини англа етиш, қадрлаш, унинг қандай қўлга киритилганию  нималар эвазига инъом этилгани тўғрисида фикр юритиш, мушоҳада қилиш ибрат олиш бошқаларга айниқса ёш авлодга тушунтиришдир.

         Эътибор қилинса истиқлолнинг ўтган даври мобайнида масжиду мадрасалар бунёд этилди, борлари таъминланди. Обидалар қайта дунё юзини кўрди. Халқимиз қадамжоларига айлантирилди. Бу ҳайрли ишларни тафаккур қилиш ҳар бир инсоннинг бурчи бўлиши керак. Шундагина дин ҳам маънавият ҳам инсонларни комилликка элтувчи вазифага айланади.

Муроджон Юсупов,
Чортоқ туман “Болтабой ўғли Мулла Умархон” жоме
масжиди имом-хатиби.