ОРАНГИЗДАГИ ФАЗЛНИ УНУТМАНГ!

Ушбу қоида талоқ ҳақидаги ояти каримада келган бўлиб, Аллоҳ азза ва жалла шундай марҳамат қилади: “Агар уларга қўл теккизмай туриб талоқ қилсангиз ва маҳрни белгилаб қўйган бўлсангиз, белгиланганнинг ярмини берасиз, фақат улар авф қилсалар ёки никоҳ ақди қўлида бўлган киши авф қилса,(бермайсиз). Авф қилишингиз тақвога яқиндир. Орингиздаги фазлни унутманг. Албатта, Аллоҳ қилаётган амалларингизни кўриб турувчидир” (Бақара сураси, 237-оят).

Аллоҳ таоло бу оятда инсоний алоқаларнинг улуғларидан бўлган никоҳ алоқаси боғлаб турган кишилар мабодо ажраладиган бўлишса, ўрталаридаги фазл ва марҳаматни унутмасликлари лозим эканини таъкидламоқда. Маълумки, талоқ ва ажралишдан сўнг эр ва хотин ҳамда қудаларнинг муносабатлари бирмунча ёмонлашиб, бир-бирларига айбдор ўлароқ қарайдилар. Ояти каримада эса бирон сабабга кўра талоқ ёки ажралиш бўлса, ўртадаги фазлни унутмаслик айтилмоқда.

Ҳикоя қилишларича, икки киши хусуматлашиб, қозининг ҳузурига боришибди-да: “Ўртамизда адолат билан ҳукм қилинг”, дейишибди. Шунда қози: “Истасангиз,  ўртангизда адолатдан-да афзал нарса билан ҳукм қиламан”,  дебди. Улар: “Адолатдан ҳам афзали бор эканми?” дейишибди.  Қози шунда:  “Ҳа, бу фазлдир”, дебди.

Маълумки,  адолат ҳар бир ҳақ эгасига унинг ҳаққини тўлиқ беради. Фазлда эса ҳақ эгаси ўз ҳаққидан тўлиқ ёки унинг бир қисмидан ўз хоҳиши билан, ўрни келганда савоб умидида воз кечади. Шунинг учун шариат адолат мезони ўрнатар экан, иймон тўла қалбларни хайр саховат ва фазлдан бебаҳра қўймади. Адолат баъзида кишиларнинг қалбларига оғир келиб, кўнгилларида оз бўлса-да эътироз қолдириши мумкин. Фазл эса ана шу эътироз, норозиликни мутлақ даф қилади. Авф этиш, фазл ва марҳамат кўрсатиш нақадар улуғ ҳулқ. У узоқ кишини яқинга, душманни дўстга айлантиради. Хато қилган киши тезда хатосини тан олади. Ҳақдор ҳам ҳаққини тўлиқ олишга интилмайди, балки авф қилади, фазл кўрсатади.

Манбалар асосида тайёрланди

Маҳмуджон Эргашев,
Уйчи тумани “Абдуллоҳ ибн Умар” жоме
масжиди имом хатиби