ОТА-ОНАГА ОҚ БЎЛИШ КАТТА ГУНОҲ

Оқ бўлиш “бўйсунмаслик”, “қарши чиқиш”, “озор бериш”, “осий бўлиш” ва ҳақини адо қилмаслик деган маъноларни англатади. Ҳақини адо қилиш дегани отаона ғазабланганида, фарзанд унга тик қарамаслигидир. Гарчанд ўғил ҳақ-у, ота ноҳақ бўлганида ҳам. Ота-онанинг фарзанддаги ҳақи улуғ, уларнинг айтганларини қилиш вожиб, бироқ улар амри Аллоҳнинг амрига тескари бўлмаслиги керак. Аллоҳга маъсият бўладиган ишда махлуққа, яъни ота-онага, каттаю кичикка итоат қилинмайди. Айтайлик, ота фарзандига ичкилик олиб келиб бер, деб буюради, Аллоҳ ичкиликни ҳаром қилган. Фар­занд чиройли муомала билан уни рад қилишга ҳақли. Ва шунга ўхшаш бошқа Аллоҳ қайтарган нарсаларда ҳам отанинг истагини бажармаса, фарзанд гуноҳкор бўлмайди.

Ота-онага оқ бўлиш фарзанднинг Аллоҳ қайтарган йўлларга кириб, эл-юрт олдида уларнинг юзини ерга қаратиш, берган тузларига норози қилишдир. Қариган чоғида едирмай, ичирмай, кийинтирмай, хўрлаб қўйишдир. Пайғамбаримиз (соллаллоху алайҳи ва саллам) оқ бўлишдан огоҳлантирганлар ва унинг оқибатларини баён қилиб, охиратда савол-жавоби қаттиқ бўлишини айтганлар.

Имом Бухорий ва Имом Муслим Абу Бакрдан (рози­яллоху анху) ривоят қилади: Расулуллоҳ (соллаллоху алайҳи ва саллам): “Сизларга катта гуноҳларнинг энг каттаси хабарини берайми?” дедилар.

Биз: “Ҳа, ё Аллоҳнинг расули”, дедик. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Аллоҳга ширк келтириш, отаонага оқ бўлиш, ёнбошлаган ҳолда эдилар ўтириб олиб, ёлғон сўзлаш ва ёлғон гувоҳлик бериш...” деб такрортакрор айтавердилар. Биз у кишини: “Қани тўхтасалар эди!” дедик.

Имом Аҳмад ва Насоий, Баззоз ва Ҳоким Абдуллоҳ ибн Амрдан (розияллоҳу анҳу) ривоят қиладилар: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Уч тоифа кишига Аллоҳ жаннатни ҳаром қилди: доимий ҳамр (ароқ) ичувчига, ота-онага оқ бўлган фарзандга ва ўз аҳлига ахлоқсизликни ўргатган даюсга”, дедилар.

Имом Бухорий ва Имом Муслим Абдуллоҳ ибн Амр­дан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: Расулуллоҳ (соллаллоху алайҳи ва саллам): “Катта гуноҳлардан бири киши ўз отасини сўкмоғидир”, дедилар. Бир киши: “Эй Аллоҳнинг расули, киши ўз отасини ҳам сўкадими?” деди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ҳа, бир киши иккинчи бир кишининг отасини сўкади, шунда у бу кишининг отасини ёки онасини сўкади, у бунинг онасини сўкади”, дедилар.

Ҳоким Абу Бакрдан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ҳар қандай гуноҳнинг (жазосини) Аллоҳ хоҳиши ила қиёматгача кечиктиради. Фақат ота-онага оқ бўлишнинг (жазосини) ўлишидан олдин, ҳаётлигида ўз эгасига беради”, дедилар. Яъни, ота-онага ок, бўлган киши бунинг жазосини то тирик экан, бу дунёдаёк, олади.

Имом Ахмад Муоз ибн Жабалдан (розияллоху анху) ривоят қилади: «Менга Расулуллоҳ (соллаллоху алайҳи ва саллам) ўнта сўзни васият қилиб: "Аллохда ширк келтирма, агар ўлдирилсанг ҳам, куйдирилсанг ҳам, ота-онангга оқ бўлма, агар уйдан кетишингга буюрсалар ҳам...” дедилар».

 

Сайфиддин Темиров
Тўрақўрғон туман “Исхоқхон Тўра” жоме

масжиди имом хатиби