ЁШЛИКДАГИ ИЛМ БУЮК КЕЛАЖАК САРИ ЙЎЛДИР.

Илм олишлик инсон бешикка қўйилганидан бошланиб, то қабрга киришига қадар давом этади. Инсон шу оз муддатлик вақтда дунё ва охиратини обод бўлишига сабаб бўладиган фойдали илмларни олишга улгуриши керак. Илм  саодат калитидир, Аллоҳ таоло кимга яхшиликни раво кўрса,  унга фойдали илм ато этади. Шунинг учун Пайғамбаримиз солаллоҳу алайҳи васаллам Муовия розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда: “Аллоҳ кимга яхшиликни ирода қилса, уни динда фақиҳ қилиб қўяди”, дедилар.

Ислом дини мусулмонларни илм олишга қизиқтиргани сабабидан ҳам, Ислом илм дини дейилади. Илм олиш туфайли банда Яратувчисини танийди. Роббисини таниган инсон эса, нима учун бу дунё яралганини, бу дунёга нима учун келганини, ҳаётлик вақтида қандай амаллар уни саодатли қилишини англаб олади.

Ким ёшлик чоғини ғанимат билиб, илм эгалламаса, катта бўлганида бунга илож топа олмайди. Кишининг ёши кексайган сари унинг хотираси пасайиши ҳам бор ҳақиқат. Афсуски, аксарият болалар айни илм олиш пайти келганда ҳам ўйин-кулги ва бекорчи машғулотлар билан овора бўлиб юраверадилар. Ота-оналари ҳам: “Ҳали фарзандимиз ёш, катта бўлгач ўқир”, дея бунга бепарво қарайдилар. Аслида бола тахминан 3-4 ёшларида хотираси энг яхши ишлайдиган давр бўлади. Ўша пайтдан бошлаб, болани секин-аста илмга жалб қилиш яхши натижа беради. Сўзимизни далили сифатида бир мисол келтирамиз. Машҳур аллома бобомиз Абу Али ибн Сино 4 ёшида Қуръони каримни тўлиқ ёд олган. Бундан ташқари, тарих, фалсафа, тиббиёт, мантиқ ва бошқа фанларни чуқур ўзлаштирган. Ўн саккиз ёшигача ҳаётида керак бўладиган барча илмларни мукаммал ўрганиб,  машҳур олим, табиб даражасига кўтарилган. Бундан келиб чиқадики, ота-оналар фарзандларини ёшлик давридан унумли фойдаланиб, керакли илмларни эгаллашлари учун қулай шароитларни таъминлаб беришлари лозим.

Хулоса қилиб шуни айтамизки: Бола ёшлигида хотираси кучли, қалби тоза ва беғубор бўлади. Бундай пайтда олинган илм ҳар тарафлама пишиқ ва мустаҳкам бўлади. Демак, ота-оналар бу борада масъулиятлироқ бўлсалар, фарзандларининг камолга етиб, олим бўлиб, дини ва юртига фойдасига тегадиган чин инсон бўлишида ҳисса қўшган бўладилар.

 

Муҳаммад Аюб Фахриддинов,
Тўрақўрғон тумани "Абдулваҳҳоб қори" жоме
масжиди имом хатиби