ЭНГ НОЁБ СЕП

Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинади:

Иблис алайҳилаъна ҳар куни сувга тушиб, сув орқали инсонларнинг танасига ўз аскар ва шотирларини ёмонлик қилиш учун юборади. Кечқурун яна уларни йиғиб, «Нима қилдинг, қандай гуноҳларга сабабчи бўлдинг», деб ҳисоб сўраркан. Шайтонларнинг бири «Қотилликка сабаб бўлдим», иккинчиси «Одамни ўғриликка бошладим», деб айтса, Иблис «Ҳеч нарса қилмабсан», дер ва бир чеккада турган шайтонваччадан «Сен-чи?», деб сўраркан. У «Мен эр-хотиннинг орасига тушдим, эрнинг оғзидан талоқ сўзи чиқмагунча, уларни тарк қилмадим», деб жавоб бераркан. Иблис буни эшитиб, «Сен қандай ҳам яхшисан», деб мақтаб, Болалигимизда қулоғимизга бир гап тез-тез чалинарди. унинг бошига тож кийдираркан. Уламолар бу Ҳадисни шарҳлаб, ҳамма энг ёмон жиноятлар – қотиллик, ўғирлик,  зино ҳам оиланинг жудо бўлиши, талоқ натижасида келиб чиқади, дейишади. Оилада ажралмасдан бошқа илож бўлмай  қолиши, ажрим энг охирги чора бўлиши мумкин. Ажримни мутлақо тақиқлаб қўйса, оила хиёнат билан яшашга мажбур бўлади. Шуни инобатга олган ҳолда Исломда ажримга рухсат берилган. Лекин Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ ўзи рухсат бериб, ҳалол қилган нарсалар ичида ўзи энг ёмон кўрадигани талоқдир”, дейдилар. Талоққа ҳеч иложи қолмагандагина йўл қўйилади. Мадрасада узоқ йиллар мударрислик қилган устозимиз Азимхон домла шундай ўргатган эдилар: “Агар бир оила сизга ажрим, талоқ масаласида мурожаат қилса, бу ҳолатда оилани яраштиришга рухсат йўқ деб китобнинг 99 жойида айтилган бўлса-ю, битта жойда ярашишга рухсат бор дейилган бўлса, мана шу биттани олинг ва оилани яраштиринг”.

Никоҳ – муқаддас ибодат. Афсуски, охирги вақтларда никоҳга панжа орасидан қараладиган бўлиб қолди. Унга одатий, кунлик маросимдек муносабатда бўлиняпти. Ҳамма нарсага вақт топиляпти, ўйин-кулгига, машиналарни қаторлатиб  “ЗАГС”га боришга... Лекин никоҳга келганда, “Ўн дақиқа вақтимиз бор, тезгина ўқиб беринг”, дейишади. Никоҳ ўқишга борсак, келин-куёв остонага ўтқазиб қўйилади, ҳамма қараб туради. Келин-куёвни ҳурмат билан ичкарига ўтказилса, уларга панд-у насиҳат қилинса қандайин яхши. Келин бутун умрини бахшида қилиб,  ота-онасининг измидан чиқиб, эрининг измига киради. Куёв қизни омонат ўлароқ қабул қилади. Боқиши, ўқитиши, касал бўлса даволатиши, ҳамма масъулиятни бўйнига олиши керак. Биз шуни никоҳ ўқиш чоғида тушунтиришимиз, эр-хотиннинг бурч ва вазифаларини ўргатишимиз  лозим-ку.

Никоҳнинг шартларидан бири – маҳр. Бугун ким маҳрни сўраяпти? Фарзандларимизни уйлантиряпмиз, лекин маҳр  масаласини эслатяпмизми? «Ота-она сифатида тўйингни ўтказиб берайлик, лекин келин учун маҳрни ўзинг ол», деб айтяпмизми? Куёв арава етаклаб, мардикорлик қилиб бўлса ҳам маҳрни пешона тери билан ўзи олиши керак. Биз эса тўйни ҳам ўзимиз ўтказиб берамиз, маҳрни ҳам ўзимиз олиб берамиз, шунинг учун куёв  келиннинг қадрига етмаяпти. Келиннинг маҳри – қиёматлик масала. Оила ажрашиб кетган тақдирда ҳам маҳр аёлнинг ўзида қолиши керак. Эркакнинг жанозасини ўқишдан аввал аёлидан маҳри адо қилинган-қилинмагани сўралади. Шу пайтда кўпчилик аёллар билмай туриб «Маҳрдан кечиб юбордим», дейишади. Маҳр кечиб юбориладиган нарса эмас. Аслида «Маҳрни адо қилган», деб жавоб берилиши керак. Агар адо қилмай вафот этсагина кечмай иложи йўқ. Ислом динида йигитнинг ўзи бировнинг хонадонига қизни сўраб бориши,  ота: «Қизимни сизга бермоқчиман, қабул қиласизми», деб йигитдан сўрашига ҳам  рухсат бор. Ўзбекистонимизда эса совчилик деган гўзал анъана мавжуд. Лекин ҳеч ким шу пайтгача совчиликнинг ҳам ўз  кўрсатмалари борми? – деб сўрамаган.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Биродарингиз бир хонадонга совчиликка борганда, уларнинг иши ҳал бўлмай туриб, орага суқилманглар», деганлар. Лекин бунга ким амал қиляпти? Хонадонда биров совчи  бўлиб тургани-ни билсак ҳам кириб борамиз. Энг ёмони, аввалги совчини ёмонлаймиз  ҳам. Бу суннатнинг бузилиши демакдир. Яна айтадиларки, энг ёмон гуноҳларнинг орасида ширк, куфр, одам ўлдириш, етим ҳаққини ейиш қаторида ёлғон гувоҳлик бериш ҳам бор. Минг афсуски, совчи онахонлар 90 фоиз ҳолатда ёлғон гувоҳлик беришади. Арслоннинг овқатини олиб чиқадиган болани қўйнинг оғзидан чўп олмагандек мақташади.

Баъзида зиёли оилаларда қизнинг турмуши бузилса, отадан «Қандай қилиб шу гиёҳвандга қизингизни бердингиз?», деб сўраймиз. Ота: «Ҳожи, кайвони онахонлар совчи бўлиб келиб, Худони ўртага қўйиб, мақташса, ишонибман», деб афсус билан жавоб беради. Совчиликка борганда тўғрисини айтиш керак, куёвнинг характерини рўй-рост сўзлаш лозим.

Қизларга моддий сеп йиғишни эмас, маънавият-маърифат сепи йиғиш кераклигини ўргатишимиз керак.  Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Фотима онамизга қандай сеп қилганлар? Куёвлари Али разияллоҳу анҳунинг ўзлари айтдилар: «Фотима онамизга ичига хурмо барги тўлдирилган иккита ёстиқ, қўлда айлантириладиган тегирмон, битта сув идиш сеп қилиб берилган». Сеп қилиш учун Пайғамбар камбағалмидилар? Асло, улар энг бадавлат зот эдилар! Саҳобалардан бирига айтсалар, Фотима онамизнинг оёқларига тиллоларни сочган бўлишарди. Лекин Расулуллоҳ шундай бир сеп қилдиларки, биз бугун бутун инсоният бирлашиб ҳам бу сепни қила олмаяпмиз. Бу  маънавият, маърифат сепи эди. Қизлар шу сеп билан келинлик хонадонига борса, оила мустаҳкам бўлади, болаларни тирик етим бўлишидан асраб қолган бўламиз, иншааллоҳ.

Абдулвoҳид ИСОҚОВ,
Наманган шаҳар 
“Мирёқуббой-Мирҳакимбой” жоме 
масжиди имом-хатиби