ВАТАНДА АЙРО ДИЛЛАРГА ХУШНУДЛИК

Ўзидан яхши ном қолдириш истагида бўлган ҳар қандай киши ҳаётини эзгу амаллар, гўзал хулқлар билан ўтказиши лозим. Барча инсонларга бирдек яхшилик қилиш, мурувват кўрсатиш, меҳр-оқибатли бўлиш инсоний фазилатдир.

Ана шундай мурувват кўрсатишнинг намунаси сифатида шу йилнинг 30 май куни Яқин Шарқ, хусусан Суриядаги қуролли ҳаракатлар давом этаётган нуқталардан 156 нафар ўзбекистонлик Ватанимизга қайтарилди.

Республика махсус хизматлари томонидан хорижий ҳамкорлар билан биргаликда амалга оширилган “Меҳр” амалиёти сўзимиз тасдиғидир.

Шуниси эътиборга моликки, адашиб ўзга юртга бориб қолган, оғир ҳаётий даврни бошдан ўтказган юртдошларимизга ҳукуматимиз томонидан тиббий, психологик, моддий ва маънавий ёрдам кўрсатилиши, уларнинг тинч ҳаётга қайтиб, жамиятга мослашишлари, таълим ва ижтимоий дастурларда иштирок этишлари учун барча зарур шароитлар яратиб берилади.

Ҳадису шарифда Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи ва саллам: “Кимки унинг учун жаннатда бинолар қурулишини ва даражалари кўтарилишини хоҳласа, зулм қилганни афв этсин, бермаганга берсин ва орани узганга силаи раҳм қилсин”- деганлар (Ҳоким ривояти).

Бева-бечоралар ва етимларга ёрдам кўрсатиш савобли иш. Узоқ Шарқдан қайтганларнинг 106 нафари болалар ва 48 нафари аёллар. Шуларнинг ичида ота-онасиз келган болалар йўқ эмас. Юртбошимиз ташаббуслари билан бу болалар барчасини саломатлиги, таълим олишини таъминлаб қўйилди. Бу ўз навбатида давлат раҳбари даражасидаги меҳр-мурувватнинг, инсонпарварликнинг ёрқин намунасидир.

Сафардан қайтарилган аёллардан қайтишни ўйлаб кўрганмидингиз?, деб сўраса,

- Хатто тушимдан ҳам боролмасам керак деб ўйлардим дейди. Ота ишлагани кетган, ортидан аёли болаларини отасини олдига олиб бориб, қулоғига ўқ овозлари ҳар гал чалинганда дарду дунёим қоронғу бўлиб, қилмишимга минг пушаймон бўлардим, дейди яна бири.

Президентимиз катта жасоратга қўл уриб, Ватанидан айро юрган юзлаб инсонларни Ватан тупроғини кўзларига тўтиё айлашлари учун имкон ҳозирлади. Муқаддас Рамазон ойидаги хайрли ташаббус Ўзбекистонимизга эзгулик нури ёғилганини англатади. Зеро, Яратганимиз бир яхшилик эвазига минг яхшилик беради.

 Маъруфхон Алоходжаев,

Наманган шаҳридаги “Абдулқодир қори”

жоме масжиди имом-хатиби.