ЯХШИЛИК ҚИЛИШНИНГ ФАЗИЛАТИ

Аллох таоло биз инсонларга ато этган кўп гўзал фазилатларни бергандир. Ана шундай фазилат ҳар бир инсонда  акс этганда эди, олам осуда, ҳамма бир-бирига меҳру-мурруватли бўларди. Бу хислат яхшилик қилиш хислатидир. Уламолар яхшилик қилишни иккига бўлишган. Мол ва амал билан яхшилик қилиш. Аллоҳ омонат қилиб берган молдан муҳтожларга ажратишлик саҳоватдир. Пайғамбаримиз алайҳиссалом саҳоватлик умматлари ҳакида бундай деганлар. “Саҳий Аллоҳ таолога яқиндир, жаннатга яқиндир, одамларга яқиндир”.

Яхши сўз, очиқ юз, холис ёрдам кўрсатиш амал билан яхшилик қилишдир. Хадиси шарифда мархамат қилинади. “Яхши сўз садақадир, Биродаринг юзига  табассум билан қарашинг  садақадир” .

Демак инсоннинг Аллоҳ таоло розилигини топиш ниятида қилган барча амаллари шубҳасиз ибодат бўлади. Шунинг учун мусулмонга яхшилик эшиклари  доимо очик,  у Аллоҳ таолони марҳамати билан  бу эшиклардан хоҳлаганига кираверади.

Абу Мусо (розияллоҳу  анҳу)дан ривоят қилинган ҳадисда  Пайғамбаримиз алайхиссалом марҳамат қиладилар: “Ҳар бир мусулмон садақа эҳсон қилмоғи лозим”. Саҳобалар сўрашди: “Аллоҳнинг расули! Агар садақа  қилишга бирор нарса топа олмаса, нима қилади?". Пайғамбар алайхиссалом айтдилар: қўли билан меҳнат қилади, у ўзига фойда келтиради ва садақа қилади”. Улар сўрашди: “Аллоҳнинг расули! Агар бунга қодир бўлмасачи?”. Пайғамбар алайхиссалом дедилар. “Қийналган, муҳтож кишига ёрдам қилади”. Саҳобалар сўрашди: “Расулуллоҳ агар ёрдам қила олмасачи?”. Пайғамбар алайхиссалом жавоб бердилар: “Яхшиликка ёки ҳайриятга йўллайди”. Саҳобаи киром сўрашди: “Буни ҳам қила олмасачи?”. Пайғамбар алайхиссалом марҳамат қилдилар: “Ўзини ёмонликдан тияди, шу нарса ундан садақа  бўлади”, дедилар.

Ҳадисдан маълум бўладики мусулмон садақа эҳсон қилмоғи, яьни ўзи яшаётган жамият фаровонлиги ва саодати йўлида яхши  ишларни кўп қилиш зарур. Шу билан биргаликда инсонларга хамда жамиятнинг тинчлиги, осудалигига раҳна соладиган ишлардан, йўллардан, сўзлардан ҳам ўзини сақламоғи лозим. Шундай қилиш билан садақа савобига эришар экан киши.

 

Илхомжон ЮНУСОВ,

Косонсой туманидаги “Бузрукхўжа”

жоме масжиди имом-хатиби