ЭКСТРЕМИЗМ ВА ТЕРРОРИЗМГА ҚАРШИ КУРАШ

“Экстремизм” тушунчаси Қуръони карим оятлари ва ҳадиси шарифларда қайта-қайта келган “ғулув”, “туғён”, “ҳаддан ошиш” каби сўзлар билан ҳамоҳанг бўлиб, динимиз таълимотида уларнинг барчаси қаттиқ қораланган. Масалан, Қуръони каримда Аллоҳ таоло бандаларини ғулувдан қайтариб, бундай марҳамат қилади: “Эй аҳли китоблар! (Исони илоҳийлаштириб) динингизда ҳаддан ошиб кетмангиз! Аллоҳ (шаъни)га эса фақат ҳақ (гап)ни айтингиз!..” (Нисо сураси, 171-оят). Бошқа ояти каримада: “Айтинг: “Эй аҳли китоблар! Динингизда ҳаддан ошмангиз ва олдиндан адашган ва кўпларни адаштирган ҳамда тўғри йўлдан чалғиганларнинг ҳавойи нафсларига эргашмангиз!” (Моида сураси, 77-оят), деб зикр қилинган.

Муқаддас динимизда якка-ю ёлғиз Аллоҳ таолога ибодат қилишга буюрилиб, бирдамликка чақирилади. Динда ғулувга кетиш, ҳаддан ошишдан қайтарилишнинг сабаби, бу омиллар ихтилофга, гуруҳбозликка олиб келади. Ваҳоланки, оятда:: “Улар (мушриклар) динларини бўлиб юбориб, (турли) фирқаларга ажралгандирлар. Ҳар бир фирқа (одамлари) ўз наздиларидаги нарса (ақида) билан шоддирлар” (Рум сураси, 32-оят), деб марҳамат қилинган.

Динда ғулувга кетишнинг оқибатлари жуда ёмон. Аввало, бу ақиданинг бузилишига олиб келади. Тарихда пайдо бўлган равофиз, хавориж, муътазила ва бошқа тоифаларнинг юзага келиши, асосан, динда ғулувга кетишнинг оқибатидир. Ғулув машаққат бўлгани боис одамлар тўғри йўлдан озиб, диндан нафратланиб, безиб қоладилар. Охир-оқибат шариатда буюрилган амалларни бажаришдан қониқиш ҳосил қилмай, ўз-ўзига машаққат туғдирадиган янги бидъат амалларни ўйлаб топиши ва динни машаққатдан иборат қилиб кўрсатишга сабаб бўладилар. Бу эса Ислом динининг мўътадиллик ва енгилликка чақирувчи, машаққат ва қийинчиликларни бартараф этишга асосланган таълимотларига зиддир. Зеро, енгиллик, Исломнинг асосий шиорларидан биридир. Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳ ривоят қилган ҳадиси шарифда: “Осонлаштиринг, асло қийинлаштирманг. Башорат беринг, ҳеч ҳам нафратлантирманг”, дейилган.

    Аллоҳ таоло Аъроф сурасининг 56-оятида: “Ва ислоҳ қилингандан кейин Ер юзида фасод қилманг ва Ундан қўрқиб тамаъ ила дуо қилинг. Албатта, Аллоҳнинг раҳмати яхшилик қилувчиларга яқиндир”, деб марҳамат қилади.

Муфассирлар ушбу оят тафсирида “арз”, яъни “ер” сўзи, араб қоидаларига кўра, алиф-лом билан келгани учун муайян бир жойга – Мадина шаҳрига далолат қилади, дейишади. Шунда оятнинг мазмуни “Мадина шаҳри ислоҳ қилинганидан кейин у ерда фасод ишларни қилманг” бўлади. Мадина ер юзидаги кичкина шаҳар. Мана шу жойда ҳам фасод қилмасликка буюриляпти. Модомики, кичик шаҳарда фасодга чек қўйилмас экан, худди учқун бутун бошли ўрмоннинг кулини кўкка совурганидек, фасод ишлар – экстремизм, терроризм ҳам ер юзини вайрон қилади.

 Ислом дини экстремизмни, терроризмни қаттиқ қоралайди, лаънатлайди. Динимиз экстремизмга қарши курашни ўн беш аср олдин бошлаб юборган. Ислом мўътадил экани унинг ҳар қандай экстремизмга, хунрезликка қарши эканлигининг яққол исботидир.

Турли экстремистик оқимлар таъсирига тушиб қолган кимсаларнинг гумроҳлиги шундаки, кўр кўрни қоронғида топибди деганидай, улар фақат ўзларига ўхшаш кишиларнинг гапларига ишонишади. Самимий насиҳат қилиб, тўғри йўлни кўрсатган олимлар у ёқда турсин, баъзан айримлари ота-онаси, акасини ҳам тан олишмайди. Булар ҳақида Қуръони каримда: “Парвардигорининг оятлари билан насиҳат қилинганидан сўнг, улардан юз ўгирган кимсадан кўра ким ҳам золимроқдир?! Албатта, Биз (ундай) жиноятчилардан (дунё ва охиратда) интиқом олувчидирмиз” (Сажда сураси, 22-оят), деб марҳамат қилинган.

     Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо муаззам Каъба деворига суяниб бундай деганлар: “Эй Каъба! Аллоҳнинг наздида ҳурматинг баланд. Лекин агар сени етти марта бузиб вайрон қилганимда ҳам бир мусулмонга озор берганимчалик ёмон иш қилмаган бўлар эдим”.

Видолашув ҳажида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Албатта, қонингиз, молингиз ва обрўйингиз бир-бирингизга худди бугунги кундай, шу шаҳардай ва шу ойдай ҳаромдир” (Имом Муслим ривояти), деб марҳамат қилганлар.

Манбалар асосида тайёрланди     

Аҳмаджон Эшматов ,
Поп тумани “Саид Жалолхўжа”жоме
масжиди имом-ноиби