ГИЁҲВАНДЛИК АСР ВАБОСИ...

Ислом дини барча кўрсатмалари одамлар орасида ўзаро меҳр муҳаббат инсоф-адолат, эзгулик, одоб-ахлоқ ҳамкоролигини ўрнатиш ва мустаҳкамлашга қаратилган. Шу сабабдан шариат инсонни жамият равнақига ўз ҳиссасининг қўшишга катта эътибор беради. Афсуски, ҳозирги кунда бутун ер юзи бўйлаб «гиёҳвандлик балоси-аср вабоси» сифатида кенг тарқалиб бормоқдаки, гиёҳвандлик шариат асосларига хилоф бўлгани учун инсоннинг имони ва динига зиён етказади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламни бутун башариятга Ўзи тарафидан элчи қилиб юборишининг қатор сабабларидан бири сифатида тоза пок нарсаларнинг ҳалоллиги ва нопок, зарарли нарсаларнинг ҳаромлигини умматларига билдириш эканини шундай баён этади:

«... У (пайғамбар) уларни яхшиликка буюради, ёмонликдан қайтаради ва пок нарсаларни ҳалол қилиб, нопок нарсаларни уларга харом қилади...» Аъроф сураси, 157-оят.

Динимизда ҳалол қилиб берилган нарса покдир. Покиза ризқ топиш учун ҳаракат қилиш эса ибодат даражасидадир. Агар бунинг акси, бўлса ўша нарса харом ва унинг истеъмол қилган кишилар гуноҳкор бўлади. Дарҳақиқат, инсонга зарар келтирувчи нарсалардан айниқса энг улуғ неъмат саналмиш ақлни кетказувчи, баданни бўшаштирувчи ва сусайтирувчи нарса динимизда харом қилинган. Шунингдек, у инсон соғлигини кетишига ёки унинг ҳалокатига сабаб бўлувчи воситалардан сақланиш унга фойдадир. Саҳобалардан ривоят қилинган ҳадиси шарифда шундай дейилади:

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам хар қандай маст қилувчи, баданни бўшаштирувчи ва сусайтирувчи нарсаларни истеъмол қилишдан қайтардилар».

Бу ҳадиси шариф билан истеъмол қилганда танани, бўшаштирувчи ва ақлни кетказувчи хар қандай нарса харом бўлади. худди шу ҳадисда зикр қилинган бўшаштирувчилик сифати ажнабий тилларда наркотик деб номланган гиёҳвандлик моддаларининг васфидир.

Бошқа бир ҳадиси шарифда:

«Ҳар бир маст қилувчи нарса хамрдир ва хар қандай хамр харомдир»,- дейилган.

Бу ҳадис билан ҳам гиёҳвандликнинг ҳар қандай кўриниши харом ҳисобланади. Шунга кўра маст қилувчи ичимликларнинг хукми, зарарлари, оқибатлари хақидаги барча оят ва ҳадислар ҳам гиёҳванд моддаларга тегишлидир. Гиёҳвандлик эса, охири ўлимга олиб келади. Бу нарсаларни истеъмол қилиш билан ўз жонига ўзи қасд қилган бўлади. Бу гунохи кабирадир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алаҳи ва саллам марҳамат қиладиларки:

«Ким ўзини бирор нарса билан ўлдирса, қиёматда ўша нарса билан азобланади»

Аллоҳ таоло бандаларига меҳрибон бўлгани учун ҳам уларга зарарли бўлган нарсаларни ман қилган. Банда ушбу чегарадан тажовуз қилса ҳамда ман қилинган нарсалардан сақланмаса, ўзига ва бошқаларга зарар етказади. Бу эса исломга зид амалдир. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қилганларки:

«Исломда ўзига ҳам бошқаларга ҳам зарар етказиш йўқдир».

Гиёҳвандликнинг зарарлари эса бехисобдир. Гиёҳвандлик етказадиган зарарлар инсон жисмини қанчалик ҳароб, барбод қилса, ҳудди шунингдек шахс ва жамиятнинг мол-мулкига ва бойлигига ҳам мислсиз зарар етказади. У тинч-тотув оилаларни бузиб, болаларни етим қилади, қашшоқлик, мухтожликда яшашга мажбур этади. охир оқибат касаллик, қамоқхона ёки ўлим билан якунланади. Ҳолбуки, ҳеч ким Аллоҳ таолодан ўзига ато этилган мол-дунёсини исроф қилишга хаққи йўқ. Унинг ноўрин ерларга ишлатишдан ва беҳуда бўлишдан сақлаш ҳар-биримизнинг вазифамиздир. Аллоҳ таоло марҳамат қиладики:

«...Исрофгарчиликка мутлақо йўл қўйманг! Чунки, исрофгарлар шайтонларнинг биродарларидир. Шайтон эса, Парвардигорига нисбатан ўта ношукр эди». Исро сураси, 26-27-оятлар.

Энг ачинарлиси шундаки, бу иллатга гирифтор бўлган кимсалар, топган пулини харом ичимлик ва гиёҳванд моддаларни ўша захарни топиш учун ҳеч нарсани аямайдилар. Бор молу-дунёсини, машинасини, уйини, хатто кийимини ҳам сотиб юборишлик даражасига етади. Исрофгарчиликни бундан ёмонроқ кўриниши бўлмаса керак. Ушбу оятга кўра, маблағларини мана шундай ноўрин жойларга сарфлаётганларни шайтоннинг биродари дейиш мумкин. Чунки уларга шайтондан бошқа ҳеч ким дўст бўмайди. Шунинг учун ҳам, бу масалада барчамиз ўта хушёр бўлмоғимиз лозим.

Бу аср вабосидан авлодларимзни асраш йўлида мамлакатимизда ҳам жуда кўп чора-тадбирлар кўрилмоқда. Ҳукуматимизнинг бу соҳада чиқарган қарорларидан ташқари маҳаллий ахборот воситалари ҳам унинг зарарли оқибатлари тўғрисида халқимизни огоҳлантириб борилмоқда.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қиладилар: «Сизлардан ким ёмон мункар ишни кўрса, уни қўли билан ўзгартирсин, агар унга ҳам қодир бўлмаса, тили билан қайтарсин, тили билан ҳам монеълик қила олмаса, унда қалби билан қайтарсин, ана ўша иймоннинг заифлигидир».

Демак, ушбу ҳадиси шарифга биноан, гиёҳвандликка қарши кураш барчамизнинг бурчимиздир. Бу қабиҳ ишни билгач, ўзини оиласини яқинларини бутун инсониятни ва келажак авлодларни ўйлаган ҳар бир киши гиёҳвандликка қарши курашда фаол бўлиши зарур. Маҳаллалар ва қишлоқларда шу қабиҳ иш билан тез бой бўлиб қолишни истаган одамлар қанчадан-қанча кишиларни умрига зомин бўлаётган кишиларга бефарқ қараб туриш мумкин эмас. Гиёҳвандлик офатидан халқимизни ва келажак авлодни ҳалос этиш ва уларни моддий ва маънавий баркамоллик сари йўналтиришдек умумбашарий хайрли ишларимизда Аллоҳнинг Ўзи ҳаммаларимизга мададкор бўлсин.

 

Толибжон Шарипов,
Чортоқ туман “Зайд ибн Хорис”жоме
масжид имом-хатиби.