АҚИДАДА АДАШИШЛИК - ДИНДАН ЧИҚИШЛИК ДЕМАКДИР
Маълумки, ақида – инсон ҳаётида одоб-ахлоқ, ибодат, олди-берди алоқалари ва барча илмлардан муҳимроқ ўрин тутади. Чунки инсон Исломни қабул қилгандан сўнг, биринчи навбатда унинг зиммасига ибодатларни ўрганишдан ҳам аввал ақида илмини ўрганиш вожиб бўлади. Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам Mуоз ибн Жабал разияллоҳу анҳуни Яман аҳлига элчи қилиб юбораётганларида: “Aввало уларни Aллоҳ таолони бир дейишга чақиринг, қачон улар Aллоҳни бир деб билишса, Aллоҳ таоло уларга беш вақт намозни фарз қилганлигини хабарини беринг”, – деганлар (Имом Бухорий ва Имом Термизий ривоятлари).
Ушбу ҳадиси шариф ақидани нақадар аҳамиятли эканига далолат қилади. Чунки Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам Яман аҳлини намоз ўқиш ва бошқа амалларни бажаришга буюришдан аввал, уларнинг ақидасини тўғрилашга буюрдилар. Aллоҳ таоло Қуръони каримнинг Mуҳаммад сурасида шундай марҳамат қилади: “Бас, (эй, Муҳаммад!) Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ эканини билинг ва ўз гуноҳингиз учун ҳамда мўмин ва мўминалар(нинг гуноҳлари) учун мағфират сўранг! Аллоҳ сизларнинг (бу дунёдаги) кезадиган жойларингизни ҳам, (охиратда) борадиган жойларингизни ҳам билур” (19-оят).
Уламоларимиз мазкур ояти кариманинг тафсирида шундай дейдилар: “Ушбу оятда Aллоҳ таолони ёлғиз эканини билишга бўлган буйруқ истиғфор айтишга бўлган буйруқдан олдин келтирилмоқда”. Бу эса Aллоҳ таолонинг ёлғизлигини билиш, яъни тўғри эътиқодни шакллантириш қанчалар аҳамиятли эканига ишорадир. Шу сабабдан ҳам Имом Шофеий раҳимаҳуллоҳ: “Фиқҳдан олдин ақида илмига буюрилдик”, – деганлар. Имом Aбу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ эса: “Ақидада билимдон бўлиш фиқҳий аҳкомларда билимдон бўлишдан афзалроқдир”, – деганлар.
Энг аввало, қалбда ақида асослари ўрнашмас экан, шариат аҳкомларини бажаришдан фойда бўлмайди. Зеро, улуғ машойихларимиздан Сўфи Оллоёр айтганларидек:
“Ақида билмаган шайтона элдир,
Агар минг йил амал деб қилса – елдир”.
Имом Абу Мансур Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳнинг йўналишларига кўра имон бу – тил билан иқрор бўлиш ва қалб ила тасдиқлашдир. Қуйидагиларга имон келтириш вожиб: 1. Аллоҳ таолога; 2. Унинг фаришталарига; 3. Китобларига; 4. Набийларига; 5. Охират кунига; 6. Қадарнинг яхшиси ҳам, ёмони ҳам Аллоҳ таолодан эканига; 7. Ўлгандан кейин қайта тирилиш бор эканига.
Ҳозирда ақидамизни ўрганиш учун барча шароитлар мавжуд. Хусусан Имом Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳ тартибга солган – Аҳли сунна вал жамоа эътиқоди бўйича кўплаб китоблар ёзилди, таржималар қилиб, нашр этилди. Аллоҳга ҳамдлар бўлсинки, ушбу ишлар уламоларимиз томонидан изчил давом эттирилмоқда.
Қолаверса, Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан ақида илми бўйича юртимиздаги ишончли уламоларнинг силсилавий дарслари ижтимоий тармоқлар орқали жойлаб борилмоқда. Бизга ушбу дарсларни тинглаш ёки ёзилган асарларни оила даврасида ўрганишимиз қолди холос.
Ислом умматини ҳозирда ва ҳозирга қадар жамлаб келган катта жамоат – айнан Мотуридийлар ва Ашъарийлар ҳисобланишади. Бу Ислом тарихидан барча учун маълум бўлган ва инкор этиб бўлмайдиган ҳақиқатдир! Ушбу икки буюк уламо ақида бобида Расули акрам алайҳиссалом ва саҳобийи киромлар тутган йўлни кейинги умматга етказишган. Шунинг учун ҳам ҳақли равишда уларга нисбатан “Аҳли суннанинг имомлари”, дея эътироф этилган. Ақоид илмининг машҳур олимларидан бири Имом Ҳасан ибн Аби Азаба “Равзатул баҳийя” китобларида: “Аҳли сунна вал жамоанинг асоси икки йирик олимга бориб тақалади: бирлари – Имом Абул Ҳасан Ашъарий бўлса, иккинчилари – Имом Абу Мансур Мотуридийдирлар. Ушбу икки Имомдан қайси бирига эргашган киши борки, ақидасидаги фасоддан, адашишдан саломат бўлибди ва ҳидоят топибди”, – деганлар.
Бугунги кунимизда мусулмон кишини гуноҳи ёки уларнинг янглиш ақидасига эргашмагани сабабли, кофирга чиқарадиган, оят ва ҳадисларни юзаки тушуниб, Аллоҳ таолони бандаларига ўхшатадиган тоифалар ҳам мавжуд. Бу ҳолатга ижтижоий тармоқларда тарқатилаётган маълумотлар, айрим шахсларнинг тарғиботларида гувоҳ бўлиб турибмиз. Уламолар уларни қадимдан “мушаббиҳалар” ва “мужассималар” деб улардан огоҳлантирганлар.
Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам “Ла илаҳа иллаллоҳ, Муҳаммадур расулуллоҳ” деб турган шахсни кофирга чиқариш хатарини бир қанча ҳадиси шарифларида баён қилганлар. Жумладан: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам бундай дедилар: “Уч нарса имоннинг аслидандир: “Ла илаҳа иллаллоҳ” деган кимсага тегмаслик, уни гуноҳи туфайли кофир демаймиз, амали туфайли Исломдан чиқармаймиз” (Имом Абу Довуд ривоятлари).
Яна бир ҳадиси шарифда: “Ким мўмин кишини кофирга чиқарса, уни ўлдиргандек гуноҳкор бўлади” (Имом Бухорий ривоятлари).
Аллоҳ таоло барчаларимизни Ўзи рози бўлган ҳақ йўлида бўлишимизга муваффақ этиб, ақидада адашишдан, турли фирқаларга бўлинишдан паноҳида асрасин!
Толибхон МУСАЛЛАМОВ
Наманган шаҳар “Абу Ҳанифа” жоме
масжиди имом-ноиби
Сизга ҳам ёқиши мумкин
Оммабоп хабарлар
-
МУКОФОТ МУБОРАК!
- Хабар муаллифи ravza.uz
- August 30, 2021
-
Муфтий ҳазратлари Наманга...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- June 14, 2021
-
ЖАННАТ ОНАЛАР ОЁҒИ ОСТИДА...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- March 7, 2023
-
Муносабат: ижтимоий тармо...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- January 23, 2022