Қоронғи режим
Image
Wednesday, 27 October 2021
Logo
Жаҳолатга қарши маърифат

Жаҳолатга қарши маърифат

Бугунги кунда жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш йўли ботил ғояларнинг пайини қирқишда энг самарали ва ишончли восита эканини ҳаётнинг ўзи қайта-қайта исботлаб келмоқда. Муҳими, қайси замон ва макон бўлишидан қатъи назар, агар миллат, халқ илм ва тараққиётга интилар экан, бу каби муаммолар ўз ечимини топиб бораверади. Бошқача қилиб айтганда, қайси халқ маърифатли ва қудратли бўлса, уни бундай балолар асло безовта қилмайди. Илмга бепарво, қолоқ жамиятларнинг эса боши муаммодан чиқмай қолаверади. Замонамиз уламолари исломнинг маърифат дини эканини алоҳида таъкидлаб, мусулмонларнинг биринчи галдаги "ғами", "ташвиши" илм, тафаккур, одоб ва ўзаро аҳил-иноқлик бўлиши кераклигини уқтирадилар. Юртимиз уламоларининг исломда мутаассиблик, террор ва экстремизмга мутлақо ўрин йўқлигига, аксинча, муқаддас динимиз ҳақиқий мусулмон шахсини бошқаларга на қўли ва на тилидан озор бермайдиган қиёфада тасвирлаганига амин бўламиз. Экстремистик ва террористик хуружлар асосан дин ниқоби остида амалга оширалаётгани учун ислом истилоҳида қадимдан ўзининг асл маъносида ишлатиб келинган "жиҳод", "шаҳидлик", "ҳижрат" каби атамалар радикал руҳдаги жангари тўдалар томонидан бузиб талқин этилмоқда. Натижада мусулмонлар билан мусулмонлар ўртасидаги ғаразли жангларни Аллоҳ йўлида жиҳод деб тушунтириш , ўз жонига қасд қилиш орқали бегуноҳ кишилар ичига кириб, ўзини портлатганларни шаҳид деб аташ ёки мусулмонлар ибодатларини бемалол адо этиб турган диёрлардан мусулмонлар аро жанг бўлаётган хорижий мамлакатларга чиқиб кетишни ҳижрат деб баҳолаш каби буткул нотўғри қарашлар юзага келди. Шу боис юртимиздаги олиму-уламолар ва имом домлаларимиз интернет хатари ва фирқалар мавзусида қайта-қайта мақолалар ва китоблар чоп этишмоқда. Шояд ёшларимиз булардан унумли фойдаланиб диний марифатини оширишса, чунки мусулмон олами ҳозирда бошидан кечириб турган мусибатлар ҳам ўзини билган ҳар бир шахс учун жуда катта мусибатдир. Бу мусибатнинг асосий айбдорларидан бири мусулмонларнинг ўзларидан чиққан бемаъни тоифалардир, десак муболаға қилмаган бўламиз. Мазкур тоифалар қўзғаган ва олиб бораётган жоҳилона ҳаракатлар оқибатида бутун мусулмон олами жафо чекмоқда. Ушбу жафо ва мусибатларнинг ҳажми шу қадар каттаки, ҳаётнинг турли соҳаларида дунё бўйлаб мусулмонларга катта зарарлар етказмоқда.
Ҳозирги кунимизда мусулмон оламида содир бўлаётган ҳодисаларни кўриб, эшитиб, ўқиб, ўрганиб борар эканмиз, афсус-надомат чекиб, юрак бағримиз ўртанади. Бирин-кетин келаётган хабарлардан, мусулмон оламини ташвишга ғам-ғуссага тўлдираётган мудҳиш ҳодисалардан ҳасратга тўламиз. Бир-биридан аянчлироқ, бир-биридан даҳшатлироқ хабарлар интернет ва ижтимоий тармоқлар орқали тинимсиз, ҳар куни кетма-кет келмоқда. Бундай хабарларни тарқатиб ўз сафларини кенгайтиришга ҳаракат қилаётган оқимлар асосан ихлоси бор-у, илми оз ёки мутлақо илмсиз содда мусулмонларни овлашга ҳаракат қилишади. Ўзларини ёки ижтимоий тармоқларини номларини динимиздаги мўътабар маънодаги исм ва номлар билан ёки қўш тирноқ ичидаги шайх фалончи номи билан чиқиб ўзларини ўта ялтироқ шиорларини кўтаришади. Уларнинг тўрига илинишнинг бош сабабларидан бири диний маърифатнинг сустлигидир. Ислом таълимотларидан унча хабари бўлмаган кишилар, хусусан ёшлар бундай кишиларнинг гапларига осон учадилар. Гапларнинг фарқига бормасликларига маърифат даражалари пастлиги сабаб бўлади. Шунинг учун барчамиз динимизнинг таълимотларини яхшилаб ўрганишимиз, устоз уламоларнинг этагини маҳкам тутиб ҳар бир айтган ўгитларига амал қилмоғимиз лозимдир. Барчамизни ва ёшларимизни ўзини тўғри йўлидан адаштирмасин ва диний маърифатимизни юксалтириб ёт ғояларга киришликдан Аллоҳ ўзи асрасин.

Саминжон Пормонов
"Шоҳи Жалил" масжиди имом-ноиби

Архив

Илтимос, санани танланг!

АУДИОЛАР

Телеграм

Алоқада бўлинг