Саудия Арабистони Рамазон ойи муносабати билан 50 тонна хурмо совға қилди

Саудия Арабистони Рамазон ойи муносабати билан 50 тонна хурмо совға қилди

Шу йил 23 март куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон Ишматбеков, “Вақф” хайрия жамоат фонди раҳбари Яҳё Абдураҳмонов ва Саудия Арабистонининг Ўзбекистондаги элчиси Ҳишом ибн Мишъал ас-Сувайлим ўртасида мулоқот бўлиб ўтди.

Самимий суҳбатда томонлар сўнгги йилларда Ўзбекистон ҳукуматининг Саудия Арабистони билан ҳамкорлик алоқалари кенгайиб бораётгани ҳақида тўхталиб, икки халқни боғлаб турувчи муштарак жиҳатлар – дин, маданият, илм-маърифат борасидаги алоқаларни алоҳида қайд этдилар.

Дўстона учрашув чоғида Саудия Арабистонидаги “Подшоҳ Салмон” номидаги инсонпарварлик ёрдами маркази томонидан Рамазон ойи муносабати билан хайрия сифатида 50 тонна хурмо топширилди. Тақдим этилган хурмолар учун “Подшоҳ Салмон” фонди ва Саудия Арабистонининг элчихонасига Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан миннатдорлик билдирилди. Шунингдек, ушбу хайрия тадбирининг муборак Рамазон ойи арафасида амалга оширилиши айни муддао экани таъкидланди. Ўз ўрнида элчи жаноблари келгусида Ўзбекистонда шу каби хайрия тадбирларни кўпроқ ташкил этилишини маълум қилди.

Мазкур хурмолар “Вақф” хайрия жамоат фонди томонидан Рамазон ойи арафасида республикамиздаги ташкилотлар, масжидлар, мадрасаларга хайрия сифатида тарқатилиши режалаштирилган.
Учрашув дўстона ва самимий руҳда ўтди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати