17.04.2020 й. Рамазон – раҳмат ойи

بسم الله الرحمن الرحيم

الْحَمْدُ للهِ الَّذِي مَنَّ عَلَى عِبَادِهِ بِمَوَاسِمِ الْخَيْرَاتِ، لِيَغْفِرَ لَهُمْ بِذَلِكَ الذُّنُوبَ وَالسَّيِّئَاتِ، وَالصَّلَاةُ وَالسَّلَامُ عَلَى أَشْرَفِ الْمَخْلُوقَاتِ، وَعَلَى آلِهِ وَصَحْبِهِ وَمَنْ تَبِعَهُمْ بِإِحْسَانٍ مَدَى الأَوْقَاتِ، اَمَّا بَعْدُ

Рамазон – раҳмат ойи

Муҳтарам азизлар! Диёримизга ойларнинг султони, меҳр-шафқат, саховат рамзи, Қуръони карим ойи – моҳи Рамазон кириб келмоқда. Аллоҳ таоло барчамизга ушбу ойни муборак қилиб, Ўзи рози бўладиган кўплаб ибодатларни бажаришимизга муваффақ айласин!

Рамазон ойида Аллоҳ таоло бизга рўза тутишни фарз қилган. Бу ҳақда Қуръони каримда бундай баён қилган:

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا كُتِبَ عَلَيْكُمُ الصِّيَامُ كَمَا كُتِبَ عَلَى الَّذِينَ مِنْ قَبْلِكُمْ لَعَلَّكُمْ تَتَّقُونَ

(سورة البقرة/183).

яъни: “Эй, имон келтирганлар! Сизлардан олдинги (уммат)ларга фарз қилингани каби сизларга ҳам рўза тутиш фарз қилинди, шояд (у сабабли) тақволи бўлсангиз” (Бақара сураси, 183-оят).

Рамазон баракотидан унда бир нафл ибодат қилинса, фарз ибодатини савоби берилиши, бир фарз ибодат қилинса, етмишта фарзни савоби берилиши ҳақида Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаи киромларга шундай насиҳат қилганлар:

"يَا أَيُّهَا النَّاسُ إِنَّهُ قَدْ أَظَلَّكُمْ شَهْرٌ عَظِيمٌ شَهْرٌ مُبَارَكٌ فِيهِ لَيْلَةٌ خَيْرٌ مِنْ أَلْفِ شَهْرٍ فَرَضَ اللَّهُ صِيَامَهُ وَجَعَلَ قِيَامَ لَيْلِهِ تَطَوُّعًا فَمَنْ تَطَوَّعَ فِيهِ بِخِصْلَةٍ مِنَ الْخَيْرِ كَانَ كَمَنْ أَدَّى فَرِيضَةً فَمَا سِوَاهُ وَمَنْ أَدَّى فِيهِ فَرِيضَةً كَانَ كَمَنْ أَدَّى سَبْعِينَ فَرِيضَةً وَهُوَ شَهْرُ الصَّبْرِ وَالصَّبْرُ ثَوَابُهُ الْجَنَّةُ وَهُوَ شَهْرُ الْمُوَاسَاةِ وَهُوَ شَهْرٌ يُزَادُ رِزْقُ الْمُؤْمِنِ فِيهِ مَنْ فَطَّرَ صَائِمًا كَانَ لَهُ عِتْقُ رَقَبَةٍ وَمَغْفِرَةٌ لِذُنُوبِهِ" قِيلَ: يَا رَسُولَ اللهِ لَيْسَ كُلُّنَا يَجِدُ مَا يُفَطِّرُ الصَّائِمَ قَالَ: "يُعْطِي اللَّهُ هَذَا الثَّوَابَ مَنْ فَطَّرَ صَائِمًا عَلَى مَذْقَةِ لَبَنٍ أَوْ تَمْرَةٍ أَوْ شَرْبَةِ مَاءٍ وَمَنْ أَشْبَعَ صَائِمًا كَانَ لَهُ مَغْفِرَةٌ لِذُنُوبِهِ وَسَقَاهُ اللَّهُ مِنْ حَوْضِي شَرْبَةً لاَ يَظْمَأُ حَتَّى يَدْخُلَ الْجَنَّةَ وَكَانَ لَهُ مِثْلُ أَجْرِهِ مِنْ غَيْرِ أَنْ يَنْقُصَ مِنْ أَجْرِهِ شَيْئًا وَهُوَ شَهْرٌ أَوَّلُهُ رَحْمَةٌ وَأَوْسَطُهُ مَغْفِرَةٌ وَآخِرُهُ عِتْقٌ مِنَ النَّارِ وَمَنْ خَفَّفَ عَنْ مَمْلُوكِهِ فِيهِ أَعْتَقَهُ اللَّهُ مِنَ النَّارِ"

(أخرجه الإمام البيهقي عَنْ سَلْمَانَ الْفَارِسِيِّ رضي الله عنه).

яъни: “Эй, инсонлар! Улуғ, муборак ой сизларга соя солиб турибди. Бу ойда минг ойдан кўра яхшироқ бир кеча бор. Аллоҳ таоло бу ойнинг рўзасини фарз қилди, кечаси бедор бўлишни нафл қилди. Ким унда бирор бир яхшилик ила Аллоҳга яқинлик ҳосил қилса, худди бошқа ойларда фарзни адо қилганга ўхшайди. Ким унда бир фарз амални адо этса (бошқа ойларда) етмишта фарзни адо қилгандек бўлади. Бу ой сабр ойидир. Сабрнинг савоби жаннатдир. Бу ой ўзгалардан кўнгил сўраш, меҳр-мурувват ойидир. Бу ойда мўмин кишининг ризқи зиёда бўлади. Ким у кунда бирор рўзадорга ифторлик қилиб берса, бу унинг гуноҳларига мағфират ва жаҳаннамдан озод бўлишига сабаб бўлади”, – дедилар. Шунда: “Эй, Аллоҳнинг Расули! Ҳаммамиз ҳам рўзадорга берадиган ифторлик топа олмаймиз-ку”, – дейишди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: Аллоҳ таоло бу савобни рўзадорга бир ютум сут ё бир дона хурмо ё бир қултум сув билан ифторлик қилиб берган кишига ҳам беради, ким рўзадорни тўйдирса, бу унинг гуноҳларига каффорат бўлади ва Аллоҳ таоло уни менинг ҳавзимдан суғорадики, ундан кейин то жаннатга киргунча чанқамайди. Ифторлик қилиб берганга ҳам рўзадорнинг ажридан бирор нарса камайтирилмаган ҳолда, унинг ажрига тенг савоб бўлади. Бу ойнинг аввали раҳмат, ўртаси мағфират, охири жаҳаннамдан озод бўлишдир. Ким Рамазон ойида қўл остидаги (хизматчиси)га енгиллик қилса, Аллоҳ таоло уни мағфират қилади ва уни дўзахдан озод қилади”, – дедилар (Имом Байҳақий ривоятлари).

Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазон рўзасини тутганлар жаннатнинг алоҳида бир эшигидан кириши хушхабарини бериб, шундай марҳамат қилганлар:

"إِنَّ فِي الْجَنَّةِ بَابًا يُقَالُ لَهُ الرَّيَّانُ يَدْخُلُ مِنْهُ الصَّائِمُونَ يَوْمَ الْقِيَامَةِ لا يَدْخُلُ مِنْهُ أَحَدٌ غَيْرُهُمْ يُقَالُ أَيْنَ الصَّائِمُونَ فَيَقُومُونَ لا يَدْخُلُ مِنْهُ أَحَدٌ غَيْرُهُمْ مِنْهُ فَإِذَا دَخَلُوا أُغْلِقَ فَلَمْ يَدْخُلْ مِنْهُ أَحَدٌ"

(رَوَاهُ الإمَامُ البُخَارِيُّ عَنْ سَهْلِ بْنِ سَعْدٍ رضي الله عنه).

яъни: “Жаннатнинг Райён деган бир эшиги бор. Қиёмат куни ундан рўзадорларгина киради. Улардан бошқа бирор киши Райён эшигидан киролмайди. Шунда “Рўзадорлар қани?” дейилади. Шунда рўзадорлар ундан кириб бошлайдилар, рўзадорлардан бошқа ҳеч ким киролмайди Уларнинг охиргиси кириб бўлиши билан эшик беркитилади. Ундан бошқа ҳеч ким кирмайди” (Имом Бухорий ривоятлари).

Шу кунларда рӯза тутиш истагидаги инсонларни карантин шароити бир оз хавотирга солмоқда. Лекин хавотирга ўрин йўқ, карантинда рўза тутиш одатий рўзадан фарқ қилмайди. Қўлларни тез-тез ювиш, антисептик воситалардан фойдаланиш рўзани очмайди. Шунингдек, зарурат бўлса оғизни чайқашнинг ҳам зарари йўқ. Томоқдан (ҳалқумдан) сув ўтмаса, рўза бузилмайди.

Шунингдек, карантин сабабли масжидларга, жамоат намозларига чиқишнинг имкони бўлмаганда, телевизор ёки радиодан имомга иқтидо қилиб таровеҳ ёки жума намозини ўқиш жоизми деган савол туғилиши табиий. Шариатимиз кўрсатмаларига биноан радио ёки телевизор орқали имомга иқтидо қилиб, жума, таровеҳ ёки беш вақт фарз намозларини ўқиш дуруст эмас. Чунки, бу ҳолатда имомга иқтидо қилиш шартлари топилмайди. Яъни, намозда имомга иқтидо қилиш дуруст бўлиши учун имом билан унга эргашувчининг макони битта бўлиши, яъни бир жойда туришлари шарт.

Ислом умматига суннат бўлган, Рамазон ойининг қиёми – Таровеҳ намозини карантин вақтида масжидда адо қилиш имконияти бўлмагани боис, уйда ёлғиз адо этиш ҳам жоиз. Лекин хонадон аҳли билан жамоат бўлиб адо қилиш афзалдир. Таровеҳ намозида ҳам имомдан ташқари бир киши бўлса, жамоат билан адо қилинган бўлади ва жамоат савоби ҳосил бўлади”.

Динимизда рўзадорга ифторлик бериш улкан савоб ҳисобланади. Бу ҳақда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: “Ким бир рўзадорга ифторлик қилиб берса, унга ҳам ўша рўзадор эга бўлган савобга тенг ажр берилади”.

Шундай экан, карантин сабабли зиёфат қилиб беришнинг имкони бўлмаганда, ифторлик харажатларини ҳомийлик хайрияларини мувофиқлаштириш марказлари орқали муҳтож ва камбағал рўзадорларга бериш билан киши уларга ифторлик қилиб берганни савобини олади. Чунки, ифторлик қилиш деганда, фақатгина дастурхон ёзиб, тўп-тўп одам айтишни тушунмаслик керак. Ҳозирги кунда камбағал, муҳтож кишиларга таом ёки керакли маблағни бериш энг яхши ифторликдир.

         Муҳтарам азизлар! Одатда, ҳар йили Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво ҳайъати томонидан нисоб миқдори Рамазон ойида эълон қилинар эди. Лекин, юртимизда Коронавирус эпидемияси тарқалишининг олдини олиш мақсадида карантин эълон қилинди ва бу аксарият аҳолининг даромадлари қисқаришига олиб келди.

Табиийки, бундай пайтда аҳолининг моддий ёрдамга муҳтож бўлган қисмини қўллаб қувватлаш жуда муҳим ва айни пайтда ажр-савоби кўп бўлган амалдир. Халқнинг бошига машаққат келганда, Рамазон ойи келишини кутиб турмасдан, бой-бадавлат кишилар молларининг закотини муҳтожларга беришлари айни муддао бўлади.

Шунинг учун Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво ҳайъати закот нисобини Шаъбон ойида чиқаришга қарор қилди. Зеро, Шаъбон ойи ҳам фазилатли ойлардан биридир. Қолаверса, ҳозирги синовли даврда закот бериш муҳтожларга янада манфаатли бўлиб, закотнинг савобини бир неча баробар кўпайишига сабаб бўлади.

Ушбу қарорга биноан, 2020 йил учун ЗАКОТ нисоби 21 250 000 (йигирма бир миллион икки юз эллик минг) сўм деб белгиланди. Мазкур қийматнинг қирқдан бири 531 250 (беш юз ўттиз бир минг икки юз эллик) сўмга тенг бўлади.

Шунга кўра, зарурий эҳтиёжидан ташқари бир йил давомида 21 250 000 (йигирма бир миллион икки юз эллик минг) сўмдан ортиқ маблағга эга бўлган киши, жами маблағининг қирқдан бирини закот сифатида камбағал ва фақирларга беради.

Азиз ватандошлар! Бугунги синовли кунларда, камбағал ва муҳтожларнинг эҳтиёжлари янада ортган бир пайтда маблағлари нисобга етган кишилар зиммаларидаги фарз закотни тезроқ адо қилишлари мақсадга мувофиқдир. Чунки, закоти берилган мол ҳар қандай бало ва офатлардан сақланиши ҳақида Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:

"حَصِّنُوا أَمْوَالَكُمْ بِالزَّكَاةِ وَدَاوُوا مَرْضَاكُمْ بِالصَّدَقَةِ وَأَعِدُّوا لِلْبَلاءِ الدُّعَاءَ"

(رواه الإمام أبو داود عَنِ الْحَسَنِ الْبَصْرِي رَضِيَ اللهُ عَنْهُ)

яъни: Молларингизни закот бериш билан ҳимоя қилинг. Касалларингизни садақа бериш билан даволангиз ва турли бало-офатларга дуони ҳозирлангиз” (Имом Абу Довуд ривоятлари).

Демак, бундай синовли кунларда закот берган киши биринчи навбатда молини хатардан асрайди ва камбағалларнинг мушкилларини осон қилади, уларнинг дуоларини олади.

Бошқа бир ҳадисда Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:

"إِذَا أَدَيْتَ زَكَاةَ مَالِكَ فَقَدْ قَضَيْتَ مَا عَلَيْكَ"

(رواه الإمام الترمذي عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ)

яъни: “Қачон молингизни закотини адо қилсангиз, албатта, зиммангиздаги бурчни бажарибсиз, – дедилар (Имом Термизий ривоятлари).

Закот зиммасига фарз бўлган киши уни муҳтожларга бермаслиги билан гуноҳкор бўлади, фарзни тарк қилган кишига айланади. Имом Муҳаммад раҳматуллоҳи алайҳ: “Закотни қасддан бермай кечиктириб юрган кишининг гувоҳлиги қабул қилинмайди”,  деганлар.

Шайтон одамларни, хусусан закот берувчиларни камбағаллик билан қўрқитади. Закот сабабли моли камайиб кетади деб васваса қилади. Бироқ мол-давлат фақирга бериш билан ҳаргиз камаймайди. Балки эгаси ўйламаган томонидан Аллоҳ таоло молини зиёда қилади.

Закот бериши вожиб бўлган киши ўз вақтида закотини чиқармаса, моли ҳалокатга учраши ҳақида Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қиладилар:

"مَا خَالَطَتِ الْزَكَاةُ مَالًا قَطُّ إِلَّا أَهْلَكَتْهُ"

(رواه الإمام البخاري عَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُا)

яъни: “Қачон бир молга закот аралашса, албатта, уни ҳалок қилади

(Имом Бухорий ривоятлари). Демак,  закот бериш қолган молнинг ўсишига, кўпайишига, энг муҳими, баракали бўлишига ва турли бало офатлардан сақланишига сабаб бўлади.

Закотни вакил орқали ҳам муҳтожларга бериш мумкин. Ҳозирги кунда ҳам кўплаб хайрия марказлари ташкил этилган бўлиб, жамиятдаги муҳтож қатламни қўллаб-қувватлаб келишмоқда. Жумладан, Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг қошида “Вақф” хайрия жамоат фонди ташкил этилган. Бу ташкилот томонидан карантин ҳолатида закот маблағларини қабул қилиш ва тарқатиш механизмлари ишлаб чиқилди.

Фуқаролардан закот маблағлари Paynet, Рayme, Click, UPay, MBank, Uzcard, Milliy, Agrobank ва Oson мобил тўлов тизимлари ҳамда жойларга жойлаштирилган тижорат банкларининг инфокиоскалари орқали махсус “Закот” ҳисоб рақамига қабул қилинади.

“Вақф” фондида тўпланган маблағлар ҳақида онлайн режимида маълумотлар бериб борилади.

Закот маблағлари фуқароларнинг мурожаатларига мувофиқ аризачиларнинг банк пластик карталарига пул ўтказиш йўли орқали ўтказиб берилади. Бугунги карантин ҳолатини эътиборга олиб бу услубнинг жоизлиги ҳақида уламолар фатво берганлар.

Закот маблағларини ҳақдорларга етказилиши ҳақида “Вақф” фонди сайтида онлайн режимида ҳар ҳафтада молиявий ҳисобот ҳамда ОАВда ахборотлар бериб борилади.

Қайд этиш керакки, закотни ўзаро туғилиш алоқаси бўлганлар, яъни, ота-онаси, бобо-момоси, ўғил-қизлари ва набиралари, эр-хотинлик алоқалари бўлганлар, яъни, эр ёки хотинга бериши мумкин эмас. Ака-ука, опа-сингилларга эса, закот бериш мумкин.

Закот беришни яқин қариндошлардан бошланса, ҳам Аллоҳ таолонинг буйруғи адо бўлади, ҳам қариндош-уруғлик ришталари мустаҳкамланади. Силаи раҳмга амал қилиш – Аллоҳ таолони рози қиладиган ишлардан биридир.

Аллоҳ таоло келаётган Рамазон ойини барчамизга муборак қилсин! Бу ойдаги савобли амалларни бизга осон қилиб, гуноҳлардан фориғ бўлишимизни насиб айласин! Омин!