Қоронғи режим
Image
Logo
МАРҲУМЛАРГА ТИЛОВАТ САВОБИНИ БАҒИШЛАШ МАСАЛАСИДА САЛАФИЙЛАРГА РАДДИЯ.

МАРҲУМЛАРГА ТИЛОВАТ САВОБИНИ БАҒИШЛАШ МАСАЛАСИДА САЛАФИЙЛАРГА РАДДИЯ.

   Ўзбек ҳалқининг гўзал одатларидан бири маййит чиққан ҳонадон аҳлига таъзия изҳор этиб, ўтганлар ҳаққига Қуръон оятларидан тиловат қилиб, савобини бағишлашдир. Бу одат аслида ҳалқимизга Ислом дини таълимоти асосида кириб келган. Қуръон оятилари нафақат  марҳумларга ҳатто уни ўқигувчиларнинг ўзига ҳам манфаатлидир. Аҳли суннат таълимоти бўйича, тириклар томондан қилинган яхши ишларнинг савоби албатта, марҳумларга етиб боради. Бу этиқод ҳалқимизнинг қон-қонига синггиб кетганки, ҳатто уни Ислом дини илмларидан тўлиқ хабари йўқлар ҳам билади. Маҳалла-кўй, таниш-билишлар орасида таъзия бўлса, дарҳол бориб ҳонадон эгаларига тасалли бериб, фотиҳа ўқиб келиш одати ҳам шундандир. Марҳумларга Қуръон савобини бағишлаш   бу масала ҳанафий мазҳабимизда ҳеч қандай ихтилофсиз жоиз бўлса-да, ҳозирги кундаги сохта салафий ва бемазҳаблар ўзларининг илмсизлиги туфайли берган фатволари билан бу масалада халқимиз орасида ҳар хил ихтилофларни чиқармоқда.

  Ислом асослари ва манбаларини синчиклаб ўрганилса, Қуръон тиловати, қилинган хайр-эҳсон ва садақалар савобини марҳумларга бағишлаш дуруст экани маълум бўлади.

  Али ибн Абу Толиб разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: “Ким қабристондан ўта туриб, “Ихлос” сурасини ўн бир марта ўқиб, савобини вафот этганларга бағишласа, вафот этганлар сонича унга савоб берилади” (Имом Дорақутний ривояти).

  Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким қабристонга кириб, “Фотиҳа”, “Ихлос” ва “Такасур” сураларини ўқиса, сўнг “Каломингдан тиловат қилган сураларимнинг савобини қабрда ётган мўмин ва мўминаларга бағишладим” деса, улар Аллоҳ таоло ҳузурида унга шафоатчи бўладилар”, ‒ дедилар (Имом Табароний ривояти).

  Ҳанафий мазҳабимизнинг барча мўътабар манбаларида садақа, намоз, рўза, тиловат ва бошқа яхши амалларни бошқанинг номидан қилиш мумкинлиги, савоби етиши ҳақида алоҳида тўхтаб ўтилган. Жумладан, “Раддул муҳтор” китобида бу мавзуда қуйидаги маълумотлар мавжуд: “Уламоларимиз “Бошқанинг номидан ҳаж қилиш” бобида инсон қилган амали савобини хоҳ у намоз бўлсин, хоҳ рўза бўлсин, хоҳ садақа ёки бошқа ибодатлар бўлсин, бошқа инсонга бағишлаши жоиз”.

Кўпчилик аҳли сунна олимлари ҳам марҳумларга савобнинг етиши мумкинлигини айтадилар. Жумладан “Ақидаи таҳовия” китобида: “Тирикларнинг дуо ва садақаларида маййитлар учун фойда бордир” дейилган.

  Ҳанафий олимлардан Бадриддин Айний раҳматуллоҳи алайҳ: “Ўтганларга намоз, рўза ва садақанинг савоби етишининг ўзи Қуръон тиловатининг ҳам савоби етишини билдиради”, ‒ дейдилар.

  Закариё Ансорий раҳматуллоҳи алайҳ “Ал-Лубоб”да: “Бунга (тиловатнинг савоби ўлганга етишига) далолат қиладиган нарсалардан бири шуки, мусулмонлар барча асрларда Қуръон ўқиб, ўтганларига бағишлаганлар ва буни ҳеч ким инкор этмаган. Демак, бунга ижмоъ ҳам далил ҳисобланади”, ‒ дейдилар.

   Юқорида ўтган ҳадислар ва умумий шаръий ҳукмлар шуни кўрсатадики, Қуръон тиловат қилиб, вафот этган кишига унинг савобини бағишлаш ‒ шаръан дуруст. Нафақат шаръан дуруст, балки мустаҳаб ва энг савобли амаллардан ҳисобланади.

  Шундай экан, ҳар хил илмсизлик билан фатво берадиган кимсаларнинг гапларига қулоқ солмасдан, неча асрлардан бери ота-боболаримиз амал қилиб келаётган Имоми Аъзам раҳматуллоҳи алайҳнинг мазҳабларида мустаҳкам турайлик!

  Аллоҳ таоло барчамизни аҳли сунна вал-жамоа эътиқоди ва ҳанафий мазҳабида собитқадам қилиб, тўғри ва ҳидоят йўлида бардавом қилсин!

 

Жобирхон Рашидов,
Мингбулоқ тумани “
Мулла Тожи Ахмад” жоме
масжиди имом хатиби

Архив

Илтимос, санани танланг!

АУДИОЛАР

Телеграм

Алоқада бўлинг