Қоронғи режим
Image
Logo
САЛОМЛАШИШ ОДОБЛАРИ

САЛОМЛАШИШ ОДОБЛАРИ

Инсон салом берганда улкан ажр олади. Сабаби Салом – Аллоҳ таъолонинг гўзал  исмларидандир. Қуръони каримда Аллоҳ таъоло “Нисо” сурасини 86-оятида “Қачонки сизга бир саломлашиш ила салом берилса, сиз ундан кўра яхшироқ алик олинг ёки ҳудди ўзидек жавоб беринг. Албатта, Аллоҳ таъоло ҳар бир нарсани ҳисобини олувчи зотдир”, деб марҳамат қилади.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий алайҳиссалом “Мусулмон зиммасига ўз биродари учун беш нарса вожиб бўлади: саломга алик олиш, акса урганга соғлиқ тилаш, даъватга (чақириққа) ижобат қилиш, беморни кўриш ва жанозага эргашиш”, дедилар” (Термизий ривояти)

Юқоридаги ояти карима ва ҳадиси шарифлар шунга далолат қиладики, аввало икки мусулмон рўпара келганда салом бериш, салом берган кишига гўзал тарзда алик олиш Қуръоний таълимотдир. Акса урганда ҳамд айтиш, акса урган кишига барака тилаш, биров чақирганда жавоб бериш, беморлар холидан хабар олиш, жаноза намозларида иштирок этиш, таъзия изхор этиш каби бир қанча вожиб амалларга бепарво бўлмаслик керак. Бу суннати Набавий кўрсатмаларидандир.

Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий алайҳиссалом “Одамларнинг Аллоҳга энг яқини уларга энг аввал салом берганидир”, дедилар”. (Абу Довуд ва Тирмизий ривояти)

Шунинг учун Пайғамбар алайҳиссалом ҳам доим биринчи бўлиб салом берганлар.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. “Набий алайҳиссалом “Роҳманга ибодат қилинглар! Саломни тарқатинглар! Жаннатга салом билан кирурсизлар”, дедилар”. (Тирмизий ривояти)

Шу ўринда айтиб ўтиш лозимки, кўча-кўйда, айрим ёшларимиз орасида баъзан “салом бердик”, “привет”, “соломалайкум” каби саломларни ҳам эшитиб қоламиз. Бу салом бериш эмас. Бу исломий таълимотларга зид. Салом берган киши “Ассалому алайкум”, ёки “Ассалому алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ” деб салом беради. Алик олувчи эса “Ва алайкум ассалом”, ёки “Ва алайкум ассалом ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ” деб алик олади. Кичиклар катталарга, озчилик кўпчиликка, уловдаги киши пиёдага кетаётган киши тўхтаб турган кишига салом беради каби яна бир неча  кўрсатмалар ҳам динимиз таълимотларидандир. Катталарга, устозларга, олимларга қўл бериб сўрашишдан олдин қаралади: уларга салом берилганда улар ҳам сўрашишлик учун қўл узатсалар қўл бериб сўрашилади.

Ўз хонадонига кираётган киши ҳам салом бериб киришлиги одобдир.

 Одатда меҳмонга айтилган ерга борилганда хонадонга киришни аввал катталаримиз бошлаб беришади. Киришда ҳеч ким бўлмаса ҳам “Асалому аълайна ва аъла иъбадиллаҳис солиҳийн” деб салом билан киришликни тавсия қилиниши ҳам динимиз кўрсатмаларидандир.

 

Хайруллоҳ Муродшаев,
Янгиқўрғон тумани “Қаюм ота” жоме
масжиди имом-хатиби

Архив

Илтимос, санани танланг!

АУДИОЛАР

Телеграм

Алоқада бўлинг