Қоронғи режим
Image
Logo
САХОВАТ – ШУКР АЛОМАТИДИР

САХОВАТ – ШУКР АЛОМАТИДИР

Сахийлик энг яхши инсоний хулқлардандир. Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом яхшилик қилишда, сахийликда, инфоқ-эҳсон қилишда саховатлиларнинг саховатлиси эдилар. У зотдан бирон нарса сўралса, асло йўқ демасдилар.

Кимга мол - дунё берилган бўлса, уни кўпайтириб, босиб ётмасдан инфоқ - эҳсон, садақа йўлларига сарф қилиши керак. Сахийлик нажот топишнинг йўлларидандир.

Аллоҳ таоло сахийликни инсонларнинг энг яхши фазилатларидан санаб, сахий кишиларга охиратда улкан ажр - савоблар бўлиши хабарини берган: “Аллоҳ йўлида молларини инфоқ-эҳсон қиладиган кишиларнинг мисоли худди ҳар бир бошоғида юзтадан дони бўлган еттита бошоқни ундириб чиқарган бир дона донга ўхшайди. (Яъни, қилинган бир яхшилик етти юз баробар бўлиб қайтишига ишора қилинмоқда). Аллоҳ ўзи хоҳлаган бандаларига бир неча баробар қилиб беради. Аллоҳ (фазли-карами) кенг, билгувчи зотдир" (Бақара сураси, 261-оят).

Ҳазрат Оишадан (розияллоҳу анҳо) ривоят қилинади: Набий (саллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтдилар: “Сахийлик бир дарахтдир, унинг томирлари жаннатда, шоҳлари эса дунёга тушгандир. Ким унинг бир шохига осилса, уни жаннатга олиб боради. Бахиллик ҳам бир дарахт, томирлари дўзахда ва шохлари дунёга тушган. Ким унинг бир шохига осилса, уни дўзахга олиб боради”.

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам энг саховатли Зот эдилар. У кишининг саховати олдида бошқа саховатлар ип эша олмас эди. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам одамларнинг энг яхшиси, одамларнинг энг сахийси ва одамларнинг энг шижоатлиси эдилар”.

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан бирор нарса сўралганда, ҳеч қачон “йўқ” демаганлар”.

Саховат – аввало, Аллоҳга шукроналик қилишнинг бир белгиси. Ахир, карам билан сахони ҳам Аллоҳинг ўзи бандасига раво кўрибдими, бунинг шукронаси бўлиши, яъни бахиллик қилмаслик керак-да.

Саховат, аллома Бадруддин Айнийнинг изоҳлашича, "Ҳақдорга тегишли нарсани бериш, ўз молидан ҳеч бир эвазсиз сарфлашдир. Бу энг улуғ чиройли хулқлардан бири. Бахиллик эса бунинг аксидир".

Сахийнинг Аллоҳга яқинлиги масофа маъносида эмас, балки Аллоҳнинг раҳмати ва савобига яқинлик маъносидадир. Зеро, Аллоҳ таоло макон ва замондан пок Зотдир.

Одамларга яқин бўлиши деганда, уларнинг муҳаббати, ҳурмати ва эъзози каби маънавий яқинлик кўзда тутилган. Мазкур ўринда ҳам макон жиҳатидан яқинлик мақсад қилинмаган.

Жаннатга яқинликдан мурод масофа бўлиши мумкин, бу жоиздир. Чунки киши ўз молидан Аллоҳ таоло розилиги учун лойиқ жойларга мўл-кўл сарф қилиш билан жаннат йўлини тутган ҳисобланади. Ҳадиси шарифларда жаннат атрофи қи­йинчилик ва машаққат, дўзах атрофи эса шаҳват ва маъсият пардалари билан ўралгани айтилади. Киши амали туфайли дўзахдан узоқ бўлиб, жаннатга яқин бўлади ёки аксинча.

Инсоннинг жаннатга яқинлашуви жаннат билан ўзи орасидаги пардаларни кўтариши демакдир. Хайрли амаллар, хусусан, Аллоҳ таоло ризоси йўлида қилинган сарф-харажатлар ана ўша пардаларни кўтаришини олимлар баён этганлар.

Музаффар Тўрақулов,
Наманган тумани "Орифхон ҳожи"
масжиди имом хатиби

Архив

Илтимос, санани танланг!

АУДИОЛАР

Телеграм

Алоқада бўлинг