Қоронғи режим
Image
Logo
УЙГА КИРИШ ОДОБИ..

УЙГА КИРИШ ОДОБИ..

Ислом таълимотида мусулмон кишига барча ҳолатларда амал қилиниши лозим бўлган одоблардан бири – ўз уйига кириш одоби ҳам мусулмоннинг кўрки саналади. Юксак ахлоққа интилувчи мўмин инсон уларга амал қилиши лозим. Мазкур одобни бир қанча бўлимларга бўлиб ўрганамиз.

Биринчи одоб. Эшикни секинроқ таққиллатиш.

Уйга киришда эшикни секинроқ таққиллатиш ёки қўнғироқни оҳиста босиш керак. Чунки эшикни қўпол тақиллатиш, қўнғироқни кетма-кет ёки узлуксиз узоқ босиш хонадон аҳлининг юрагига ғулғула ва хавотирлик солиши мумкин.

Иккинчи одоб. Уй ичидагиларга кирганини билдириш.

Уй ичидагилар чўчиб кетмаслиги, кирган одамнинг олдида кутилмаганда ноқулай ҳолатга тушиб қолмаслиги учун уйга кирганини сездириб қўйиш керак. Индамасдан билдирмай кириш эса пойлоқчилик ва шубҳа қилиш аломати бўлади. Имом Аҳмад ибн Ҳанбал раҳматуллоҳи алайҳ “Киши уйга кирса, йўталиши ёки оёқ кийимини ерга уриб қўйиши мустаҳаб” деганлар.

Омир ибн Абдуллоҳ ибн Масъуд “Отам уйга кирсалар, уйдагилар яхши кўрадиган нарсаларни сўзлар ва овозларини кўтарар эдилар” деганлар.

Учинчи одоб. Ўнг оёқ билан кириш.

Ҳар бир ишни ўнг томондан бошлаш Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларидан эканлиги маълум ва машҳур. Оиша разияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

“Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам қўлларидан келганича барча ишларни ўнг томондан бошлар эдилар”. (Насоий ривояти)

Тўртинчи одоб. Аллоҳ таолонинг исмини зикр қилиш.

Уйга киришдан олдин Аллоҳ таолонинг исмини зикр қилиш уйни ва уй эгаларини шайтондан сақлайди. Жобир разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Киши уйига кирганда, таомланаётганда Аллоҳ таолонинг исмини зикр қилса, Шайтон: “Бу ерда бизга бошпана ҳам, таом ҳам йўқ” дейди. Мабодо уйга кирсаю, Аллоҳ таолони зикр қилмаса, Шайтон: “Бошпана топдик” дейди. Овқатланишдан олдин ҳам Аллоҳ таолони зикр қилмаса, “Бошпана ҳам топдик, таом ҳам топдик” дейди” деганлар. (Муслим ривояти)

Абу Молик Ашъарий разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Киши уйга кирадиган бўлса, “Эй Аллоҳим, мен Сендан энг яхши кирадиган ўринни ва энг яхши чиқадиган ўринни сўрайман. Аллоҳ таоло номи билан кирдик, Аллоҳ таолонинг номи ила чиқдик ва Раббимиз Аллоҳга таваккал қилдик” десин. Сўнгра уй ичидагиларга салом берсин” дедилар. (Абу Довуд ривояти)

Бешинчи одоб. Салом бериш.

Юқоридаги ҳадисдан кўриниб турибдики, уйга салом бериб кириш Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатлари экан. Агар салом бериб кирадиган бўлса, уй эгаларининг муҳаббатини қозонади, умр йўлдошига нисбатан янада эътиборли эканини билдиради, ўзаро меҳр муҳаббат шуъласини англатадиган бўлади.

Жобирхон Рашидов,
Мингбулоқ тумани  “Мулла Тожи Ахмад”
жоме масжиди имом хатиби

Архив

Илтимос, санани танланг!

АУДИОЛАР

Телеграм

Алоқада бўлинг