Қоронғи режим
Image
Logo
ФАРЗАНД ОИЛАСИНИНГ ШАЪНИДИР

ФАРЗАНД ОИЛАСИНИНГ ШАЪНИДИР

("Оила муқаддас даргоҳ" рукни остида)

 

Ривоятда келади, замонасининг буюк муфассири, Муқотил ибн Сулаймон роҳимаҳуллоҳ халифа Абу Жаъфар Мансурга байъат қилинган куни, унинг ҳузурига кирди. Шунда Мансур: "Менга насиҳат қилинг, эй Муқотил!", деди. Муқотил: "Сизга кўрганим ҳақида гапирайми, ё эшитганим ҳақидами?", деди. "Балки кўрганингиз ҳақида" дегандан кейин, Муқотил қуйидагиларни айтди: "Эй мўминлар амири! Умар ибн Абдулазиз ўн бир фарзанд кўрди. Вафотидан кейин ўн саккиз динор қолдирди. Ундан беш динорига кафанладилар. Қабри эса тўрт динорга сотиб олинди. Қолган маблағ фарзандлари ўртасида тақсимланди. Ҳишом ибн Абдулмалик (кейинги умавий халифалардан) ҳам ўн бир фарзанд кўрди. Ҳар-бир фарзандининг меросдаги ҳиссаси минг минг (миллион) динорга тўғри келган. Эй мўминлар амири! Умар ибн Абдулазизнинг бир фарзанди Аллоҳ йўлида жиҳод учун юзта от садақа қилганини ва Ҳишом ибн Абдулмаликнинг бир фарзанди бозорларда тиланиб юрганини бир куннинг ўзида кўрдим. Ўлим тўшагида ётганида Умар ибн Абдулазиздан одамлар: "Фарзандларингизга нима нарса қолдирдингиз, эй Умар?", деб сўраганларида у киши: "Уларга Аллоҳдан тақво қилишни қолдирдим. Агар улар солиҳ бўлишса, Аллоҳ солиҳларни қўллайди. Агар бундай бўлишмаса, уларга Аллоҳга нисбатан гуноҳда ёрдам қиладиган нарсани ҳаргиз қолдирмайман", деб жавоб қилди.

Яхшилаб ўйлаб кўрайлик. Кўпчилик кишилар фарзандларининг келажагини таъминлаш учун ҳаракат қилишади, машаққат ва азият чекишади. Буни улар, ўлганларидан кейин фарзандларининг қўлларида мол-дунё бўлиши, улар учун омонлик, деб ўйлаганлари сабабли қилишади. Аммо Аллоҳ Ўз Китобида қуйидагича зикр қилган улуғ омонликдан ғафлатда қолишади: "Ўзлари заифҳол зурриётларини ортдан қолдиришдан қандай қўрқсалар, (бошқалар ҳақида ҳам) шундай қўрқсинлар. Бас, Аллоҳдан қўрқсинлар ва тўғри сўз айтсинлар"(Нисо сураси, 9-оят)".

Айтмоқчи бўлганимиз, биз ота-оналар фарзандларимиз айтган нарсани муҳайё қилиш ортидан қандай хатарли оқибатлар келиб чиқиши мумкинлигини мулоҳаза қилайлик. Зеро, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Ҳеч-бир ота ўзи фарзандига гўзал одобдан кўра яхшироқ нарса ҳадя беролмайди", деганлар. Ушбу олтинга тенг сўзларни ҳаётимиз дастури ўлароқ қабул қилиб олсак, мақсадга мувофиқ бўлар эди.

 

Қодиржон Умурзаков

Поп тумани "Муҳаммаджон қори"

жоме масжидининг имом-хатиби

Архив

Илтимос, санани танланг!

АУДИОЛАР

Телеграм

Алоқада бўлинг