Қоронғи режим
Image
Logo
ИНСОННИНГ БИРИНЧИ ВАТАНИ ЖАННАТДИР.

ИНСОННИНГ БИРИНЧИ ВАТАНИ ЖАННАТДИР.

  Инсон ўзи туғилиб ўсган ватанини қадрига етиши, ҳаққига дуо қилиши ва ободлигига ҳисса қўшиши билан бирга биринчи ватани бўлмиш – жаннатга бориш сабаб ва омилларини бажариб, уларни унутмаслиги зарур. Чунки Мулла Али Қори раҳматуллоҳи алайҳ ўзларининг “Мирқотул мафотиҳ” китобларида: “Инсоннинг биринчи ватани – жаннат” деганлар. Зеро, Одам алайҳиссалом ва Ҳавво онамиз биринчи жаннатда яшаганлар ва ундан маълум сабабларга кўра тушурилганлар.

 Демак, биз ҳаётимиз давомида дунёдаги Ватанимизни обод қилиш билан бирга, охиратдаги ватанимизга ҳам захира қилиб боришимиз даркор. Уламоларимиз айтадиларки, киши қуйидаги амалларни қилиши билан жаннатга кириши мумкин: 

Яхши ва солиҳ амалларни қилиш – жаннатга киришга сабабдир. Бу ҳақда Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай деган: “Имон келтириб, солиҳ амалларни қилганлар эса, айнан улар жаннат аҳлидирлар ва улар у ерда абадий қолувчилардир” (Бақара сураси 82-оят).

   Ростгўйлик ва бировнинг ҳаққидан ҳазар қилиш – жаннатга киришга сабабдир. Бу ҳақда Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай деган:

  “Аллоҳ деди: “Бу кун содиқ (мўмин)ларга содиқлиги фойда берадиган кундир”. Улар учун остидан анҳорлар оқиб турадиган жаннат боғлари бордир. (Улар) у ерда абадий бўлурлар” (Моида сураси 119-оят).

  Ўзгалар билан чииройли муомала ва ҳусни хулқли бўлиш – жаннатга киришга сабабдир. Кишини  жаннатга киришига энг кўп сабаб бўладиган нарса ҳақида Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва салламдан сўралганда, Ў Зот бундай дедилар: “Аллоҳдан қўрқиш ва ҳусни хулқ – кишини жаннатга киришига сабабдир”(Имом Термизий ривоятлари).

Билиб-билмасдан қилган гуноҳларига тавба қилиш – жаннатга киришга сабабдир. Бу ҳақда Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай деган: “Илло, имон келтириб, эзгу ишларни қилган зотларгина (бундан мустаснодир). Бас, улар жаннатга кирурлар ва уларга бирор нарсада ноҳақлик қилинмас” (Марям сурваси 60-оят).

   Имкон қадар тилимизни зикру тасбиҳлар билан машғул қилишимиз – жаннатга киришга сабабдир. Бу ҳақда Ибн Масъуд разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “Исро кечаси Иброҳим алайҳиссаломга йўлиқдим. У зот: “Эй Муҳаммад, умматингизга мендан салом айтинг ва жаннатнинг тупроғи пок, суви ширин ва ўзи текис, ўсимлиги “Субҳаналлоҳи валҳамду лиллаҳи ва лаа илаҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар” эканини уларга хабар беринг”, дедилар”(Имом Термизий ривоятлари).

Аллоҳ таоло барчамизни жаннат аҳлларидан айлаб,  икки дунё саодатига мушарраф айласин!

 

Умрзоқов Мирзохид
Мингбулоқ тумани “Топтиқ Азиз” жоме
масжиди имом хатиби

Архив

Илтимос, санани танланг!

АУДИОЛАР

Телеграм

Алоқада бўлинг