Қоронғи режим
Image
Wednesday, 27 October 2021
Logo
ОДОБНИНГ МУҲИМЛИГИ

ОДОБНИНГ МУҲИМЛИГИ

Одоб-ахлоқ масаласи Исломда ўта муҳим ўрин тутади. Чунки Аллоҳ таолога қурбат ҳосил қилишда одобнинг ўрни жуда муҳим. Беодоблик барча нарсани, жумладан, амални ҳам, қалбни ҳам, тилни ҳам, бошқа барча уринишларни ҳам бузади. Одобсиз одам бирор нарсага эришиши, жамиятда яхши ўрин топиши мумкин эмас.

 Шунинг учун ҳам машойихлар: «Ким нимага эришса, фақат одоб билан эришади. Ким нима билан қуласа, фақат беодоблик билан қулайди», деганлар.

Одоб  яхшилик демакдир. «Фалон киши одобли экан» дейилгани ўша одамнинг яхшилиги кўп экан, деганидир. «Кийиниш одоби» деганда яхшилаб кийиниш тушунилади. «Суҳбат одоби» деганда суҳбатни энг яхши савияда олиб бориш кўзда тутилади.

Абу Муҳаммад «Китобул Воъий» асарида: «Одоб одамларни мақталган нарсаларга чақиргани учун одоб деб номланган», дейди. Абу Зайд раҳматуллоҳи алайҳи: «Одоб фазилатлардан бирига элтувчи яхши уринишга ишлатиладиган ном», деган.

Муҳаммад Зеҳний айтади: «Фазилат наслу насаб билан эмас, балки одоб билан топилади». Албатта бу борада, яъни фарзанд тарбиясида энг зарур нарса одоб ахлоқ ҳисобланади.

Одобли, билимдон, меҳнатсевар, иймон-эътиқодли фарзанд нафақат ота-онанинг, балки бутун жамиятнинг энг катта бойлигидир. Дарҳақиқат, ҳар бир фарзанд шахси оилада шаклланади. Демак, оила-баркамол авлод пойдевори ҳисобланади.

Оилада фарзандларни ўз бурчига садоқат руҳида тарбиялаш уларнинг келажакдаги орзу-мақсадларини тушуниб олишлари, фарзандларнинг соғ-саломат вояга етишлари учун асос бўлади.

Ҳеч қачон болаларни тарбиялашда йўл қўйилган хато-камчиликлардан кўз юммаслигимиз керак. Ҳозирги хаётимизда баъзи бир одобсиз, билимсиз, ота-онасига қўл кўтарадиган ва ўз болаларининг бахтсиз яшашига сабабчи бўлаётган кишилар учрайди. Бундайларнинг пайдо бўлишига асосий сабабчи ким? Албатта ота-онанинг ўзи. Боласининг инсоний хатти ҳаракатларига уларнинг тарбияга лоқайдликлари сабаб бўлган.

Ислом таълимотига кўра, фарзанд ота-она зиммасидаги омонат бўлиб, улар бу омонат ҳақида масъулдирлар. Фарзандлар тарбиясига эътиборсизлик улкан хато, омонатга хиёнат ва киши динининг нуқсонидир. Ота-она фарзандининг биринчи мураббийидирлар.

Қуъони каримда оила аҳлига эътиборнинг қанчалик зарурлигини Аллоҳ таоло шундай баён қилади:

 “Эй мўминлар, сизлар ўзларингизни ва аҳли-оилаларингизни ўтини одамлар ва тошлар бўлган дўзахдан сақлангизки, у (дўзах) устида қаттиқдил ва қаттиққўл, Аллоҳ ўзларига буюрган нарсага итоатсизлик қилмайдиган, фақат ўзларига буюрилган нарсани қиладиган фаришталар турур” (Тахрим, 6-оят)

Абу Ҳомид Ғаззолий фарзанд тарбияси ҳақида шундай фикрларни билдиради: “Билгин! Бола тарбияси энг муҳим ишлардандир. Фарзанд ота ва онага омонат.

Одобу тарбия воситасида яхши хулқларни ўргатиш, ёмонликлардан қайтариш, тўкин-сочинликка одатлантирмаслик, зийнатга муҳаббат уйғотмаслик билан ота фарзандини охират оловидан асрайди.

Фарзанд тарбияси қанчалик эрта бошланса, тарбия натижаси шунчалик самарали бўлади. Чунки эрта ёшда уларни яхшилик томон буриш осонлик билан кечади. Тарбиясизликдан вужудга келган ёмон хулқ ва одатларни кейинчалик қайта тарбиялаш йўли билан тузатиш мумкин. Аммо бунинг учун кўп меҳнат сарф қилишга тўғри келади.

               

Авазбек Тўраев,
Норин тумани “Қурбон ота” жоме
масжиди имом хатиби

Архив

Илтимос, санани танланг!

АУДИОЛАР

Телеграм

Алоқада бўлинг