Қоронғи режим
Image
Tuesday, 21 September 2021
Logo
ҲАР БИР ЯХШИЛИК САДАҚАДИР.

ҲАР БИР ЯХШИЛИК САДАҚАДИР.

Ислом ҳидоятида тарбия кўрган ва унинг пок булоқларидан баҳра олиб улғайган мусулмон киши ўзи яшаб турган жамиятдаги барча инсонларга наф келтиришга, улардан зарарни даф қилишга ҳаракат қилади. Чунки, у ҳақиқат, яхшилик, фазилат каби одоб-ахлоқ меъёрлари асосида тарбия олган.

Инсоннинг барча амаллари, модомики ниятида Аллоҳ таоло розилигини топиш бўлса, шубҳасиз ибодат даражасига кўтарилади, яхшилик қилиш икки дунё саодатига олиб келиши аниқ.

Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг Моида сураси 2-оятида марҳамат қилиб айтади: “Яхшилик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилинг. Гуноҳ ва душманлик йўлида ҳамкорлик қилманг. Аллоҳга тақво қилинг. Албатта, Аллоҳ иқоби шиддатли зотдир” – деб таъкидланган.

Пайғамбаримиз Муҳаммад (алайҳис-салом) марҳамат қилиб айтганлар: “Қуёш балқиган ҳар бир кунда икки киши ўртасини адолат билан ислоҳ этишинг — эҳсон. Бир кишини уловига минишида ёрдам беришинг ва юкини уловига кўтариб юклаб беришинг эҳсондир. Бир кишига табассум билан яхши сўз айтишинг – эҳсон. Намоз сари босган ҳар бир қадаминг баробарида сен учун эҳсон бор, одамларга азият берадиган нарсани йўлдан бартараф этишинг ҳам сенга эҳсондир”.

Яхшилик қилиш билан ўзаро меҳр-оқибат ва муҳаббатни зиёда қилибгина қолмай, балки Яратганнинг раҳматига ҳам сазовор қилади.  Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “Яхшилик қилинглар, албатта Аллоҳ таоло яхшилик қилувчиларни севади”, деб марҳамат қилган.

Луқмони Ҳаким ўз ўғлига қилган насиҳатида қуйидагиларни айтган экан: “Ёмонликни ёмонлик қайтаради дегувчилар ёлғончидирлар! Агар ростгўй бўлсалар, икки жойга олов ёқиб, бири билан иккинчисини ўчирсинларчи. Ҳақиқатда эса, ўтни сув ўчиргани каби ёмонликни ҳам яхшилик қайтаради.

Шундай экан азизлар яхшилик қилишда бир биримиз билан мусобақалашайлик. Аллоҳ барчаларимизни яхшилик қиладиган солиҳ бандалардан бўлишимизни насиб этсин

 

Болтабоев Раҳматулло,
Косонсой тумани  “Аббосхон қози”жоме
масжиди имом-хатиби

Архив

Илтимос, санани танланг!

АУДИОЛАР

Телеграм

Алоқада бўлинг