Қоронғи режим
Image
Tuesday, 21 September 2021
Logo
САЛОМАТЛИКНИ АСРАШ ОМОНАТ.

САЛОМАТЛИКНИ АСРАШ ОМОНАТ.

 Муқаддас динимизнинг илоҳий таълимотида инсон учун зарур бўлган соғлиқнинг улуғ неъмат эканлиги, унинг қадрига етиш, зарурлиги алоҳида таъкидлаган. Бу ҳақда Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи ва саллам шундай марҳамат қилганлар:

  Ибн Аббос розияллоҳу анҳу ривоят қилиб айтадилар, Пайғамбар саллоллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Икки неъмат бор, кўпчилик кишилар бу иккисининг қадрига етмайдилар: сиҳат-саломатлик ва хотиржамлик” (Имом Бухорий ривояти). Дарҳақиқат, сиҳат-саломатлик шунчалик улуғ неъмат бўлишига қарамасдан, унинг қадрига кўпроқ уни йўқотган кишилар етади. Шунинг учун араб мақолларининг бирида айтилади:

“Саломатлик соғлом кишиларнинг бошидаги тождир, уни эса фақат беморларгина кўради”. Яна бошқа бир ҳадиси шарифда Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қилганлар:

  Абдуллоҳ бин Усмон розияллоҳу анҳу ривоят қилиб айтадилар, Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Аллоҳдан офиятни сўранглар, зеро, бандага офиятдан афзал нарса берилмаган” (Имом Аҳмад ривояти). Офият, бу саломатлик ва омонлик демакдир.  Шунга биноан, ота-боболаримиз қачон ва қаерда бўлмасинлар Аллоҳ таолодан биринчи навбатда тинчлик ва саломатликни сўрайдилар.

   Саломатлик Аллоҳ таолонинг улуғ неъмати экан, биз бандалар унинг шукронасини адо этмоғимиз, айни пайтда уни асрашни зиммамиздаги омонат деб билмоғимиз лозим бўлади. Зеро, қиёмат куни Аллоҳ таоло бизларга берган барча неъматларидан ҳисоб китоб қилар экан, саломатлигимиз ҳақида ҳам алоҳида сўрашлиги муқаррар. Бу ҳақда Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи ва салламдан қуйидаги ҳадис ворид бўлган:

   Абу Ҳурайра розиллоҳу анҳу ривоят қилиб айтадилар, Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Албатта, қиёмат куни бандадан биринчи бўлиб сўраладиган савол шуки: “Сенга танангни соғлом қилиб бермаганмидик, сени муздек сув билан қондирмаганмидик” (Имом Термизий ривояти).

 Усома бин Шарийк розиллоҳу анҳу ривоят қилиб айтадилар: Мен Пайғамбар саллоллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига бордим. Саҳобалари гўё бошларига қуш қўниб турганидек, қимир этмай ўтиришар эди. Салом бериб, сўнгра ўтирдим. Шу вақт ҳар тарафдан аъробийлар келиб: Ё Расулуллоҳ! Даволансак бўладими? – деб сўрадилар. Шунда Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Даволанинглар, зеро, Аллоҳ таоло бирор дардни берган экан, унинг давосини ҳам пайдо қилиб қўйган, фақат бир дарддан бошқа. У ҳам бўлса кексаликдир” – дедилар (Имом Термизий ривояти). Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қиладилар:

 Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Аллоҳ қандай дардни берса, уни шифоси билан юборади” (Имом Бухорий ривояти

    Касални даволагандан кўра унинг олдини олган яхшироқ, деган нақлга мувофиқ динимизда саломатликни асрашга катта эътибор қаратилган ва унинг олдини оладиган барча омиллар кўрсатиб берилган. Масалан, динимизнинг поклик ва озодаликка барпо қилингани, мудом моддий ва маънавий покликка буюрганининг ўзи ҳам шунга далолат қилади. Шунингдек, қайси амаллардан қайтарган ва нима нарсаларни ҳаром қилган бўлса албатта, унинг замирида ҳам инсоннинг соғлигини асраш, умуман ҳаётини ҳимоя қилиш мақсади ётади.

    Аллоҳ таоло ато этган улуғ неъмат бўлмиш соғлигимизни асрайлик, саломатлик вақтимизни ғанимат билиб аввало, ўзимиз қолаверса, фарзандларимиз, эл-юртимиз манфаати ва равнақи йўлида ҳалол ва савобли амаллар қилиш билан бу неъматнинг қадрига етиб, шукрини бажо келтирайлик. Зеро, шукронаси адо этилган неъмат бардавом ва безавол бўлади.

 

Анваржон Мирзаев,
ЎМИнинг Мингбулоқ тумани вакили
ва “Шохи Жалил” жоме
масжиди имом-хатиби

Архив

Илтимос, санани танланг!

АУДИОЛАР

Телеграм

Алоқада бўлинг