Қоронғи режим
Image
Logo

АЛЛОҲНИНГ ИЗНИСИЗ ҲЕЧ БИР МУСИБАТ ЕТМАС

АЛЛОҲНИНГ ИЗНИСИЗ ҲЕЧ БИР МУСИБАТ ЕТМАС

     Аллоҳ таоло марҳамат қилади: "Ким Аллоҳга иймон келтирса, У зот унинг қалбини ҳидоятга солур. Аллоҳ ҳар бир нарсани билувчидир".

    Аллоҳнинг қазои қадарисиз, илмисиз ҳеч бир мусибат етмайди, деган эътиқод доимо инсон хотирасида бўлмоғи лозим.

    "Сизга Аллоҳнинг изнисиз ҳеч бир мусибат етмас".

    Пайғамбаримиз ҳадисларидан бирида: "Билгинки, сенга етган мусибат адашиб бошқага ўтиши мумкин эмас, агар бошқага бўлса, сенга етмасди", деганлар.

    Мўмин киши ўзига етган мусибатни Аллоҳнинг тақдири-ўлчови бўлганини тушуниб етса, бу қийинчилик ва мусибатларни у осон кечиради. Чунки, унинг хотири жам, кўнгли тўқ бўлади. Мусибатга сабр қилади. Аллоҳдан ёрдам сўрайди. Иймонсиз киши бўлса, мусибат етганда сабрсизлик қилади, турли бахоналар ахтаради, ғам-ғуссага ботади ва ўзича қутулмоқчи бўлиб, турли зарарли усулларни қўллайди.

    Мўмин киши ҳар қанақа кўнгилсиз воқеа юз берганда истиржоъ айтиб сабр қилиши зарурдир. Истиржоъ "Иннаа лиллаҳи ва иннаа илайҳи рожиъун", дейишдан иборатдир. Бунинг маъноси: "Биз Аллоҳникимиз ва биз Унга қайтиб борувчилармиз", деганидир.

    Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом бир ҳадиси шарифларида: "Агар бирортангизнинг ковушингизнинг боғичи узилиб кетса ҳам истирожоъ айтсин",  деганлар.

    Имом Бухорий ривоят қилган бир ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилиб: "Мўминнинг иши ажойиб, Аллоҳ унга нимани қазо қилса, фақат яхшиликка бўлади. Агар унга мусибат етса, сабр қилади. Бу ўзича яхши. Агар яхшилик етса, шукр қилади. Бу ҳам ўзича яхши. Бунақа неъмат мўминдан ўзга ҳеч кимга насиб этмайди", деганлар.

    Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло келгуси оятда мўмин бандаларини Ўзига ва Расули Муҳаммад алайҳиссаломга итоат қилишга даъват этади.

    "Аллоҳга итоат қилинг ва Расулга итоат қилинг. Агар юз ўгириб кетсангиз, бас, Бизнинг Расулимизга вазифа очиқ-ойдин етказиш, холос".

    Аллоҳга итоат қилиш Қуръонга амал қилиш билан бўлади. Пайғамбар алайҳиссаломга итоат қилиш эса, у кишининг суннатларига эргашиш билан бўлади. Агар ким юз ўгириб, итоат қилмай кетса, ўзига ёмон, Аллоҳ ундан беҳожат. Агар дунёдаги барча инсоният энг тақводор киши каби ибодат қилса ҳам, Парвардигорнинг хазинасига бирор нарса қўшилиб қолмайди. Аксинча, дунёдаги барча инсоният энг фосиқ-фожир кишидек гуноҳ ишлар қилса ҳам, Аллоҳнинг бирор нарсаси камайиб қолмайди. Шунингдек, Пайғамбар алайҳиссалом ҳам ҳаммадан беҳожатдирлар, у кишига юклатилган вазифа Аллоҳнинг фармонларини бандаларга очиқ-ойдин етказиб қўйиш, холос.

    "Аллоҳ Ундан ўзга ибодатга сазовор зот йўқ. Бас, мўминлар Аллоҳнинг Ўзигагина таваккал қилсинлар".

    Яъни, тирилтирувчи, ризқ берувчи, фойда улашувчи ва ўлдирувчи - Аллоҳдан ўзга ибодатга сазовор зот йўқ. Инсон ушбу ҳақиқатни англаб етса, турли хурофотлардан ва ўзгаларга қул бўлишдан озод бўлади. Бу даражага етган инсон Аллоҳнинг Ўзигагина таваккал қилади, суянади. Аллоҳга таваккал қилган кишининг эса хотири жам бўлади, ҳеч нарсадан қўрқмайди.

Абдулҳодий Ёқуббоев,
Янгиқўрғон тумани
Заркентжоме
масжиди имом-хатиби

Архив

Илтимос, санани танланг!

АУДИОЛАР

Телеграм

Алоқада бўлинг