Қоронғи режим
Image
Logo

ҲИЗБУТТАҲРИР ФИТНАДИР!

ҲИЗБУТТАҲРИР ФИТНАДИР!

Ҳизбут-тахрир оқими охирги асрда Ислом душманлари томондан мусулмон жамиятларини парчалаб ташлаш учун қурилган диний-сиёсий оқимдир. Раҳнамолари асосан ғарб мамлакатларидан панох топувчи бу тоифанинг муассиси Тақиюддин Набҳоний (1909-1977) бўлиб, у 1948-йили гурухга асос солган.

Бугунги кундаги ҳизбуттаҳрир Аллоҳ ва унинг расули фарз қилган илм олиш, илм талабидан юз ўгириб, ўзлари ўйлаб топган “халифалик давлати”ни қуришга уруниб ётибдилар. Ҳатто улар бу вайронкор ғоялари йўлида намоз ўқимасликка, Аллоҳнинг амрларини вақтинчалик қилмай туришга ҳам чақирмоқдалар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам исломни бутун дунёга ёйишга ҳаракат қилар эканлар, саҳобаларига бирор марта ва бирон вақтда намоз ўқимай туришга ёки Аллоҳнинг амрларига бўйсинмай туришга чақирганмилар?! Йўқ, асло!

Ҳизбчилар илмсиз бўлгани учун ақида ва фиқх масалаларида жиддий ва қўпол хатоларга йўл қўйган. Масалан, Бехаё суратларни томоша килиш жоиз.

Бегона аёлни шаҳват билан ёки шаҳватсиз ўпиш жоиз.

Икки қутбда яшовчилардан намоз ва рўза соқит бўлади.

Бугунги кундаги ҳизбуттаҳрир ўзларининг вайронкор ғоялари йўлида ахлоқсизликка ҳам рози бўлмоқдалар. Ахир, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Мен гўзал ахлоқларни камолга етказиш учун юборилганман!” демаганмидилар?!

Ҳизбуттаҳрир авлиёуллоҳларни яхши кўриш у ёқда турсин, оддий мўъмин-мусулмонларга ҳам нафрат билан қаровчилардир. Ўз юртларини кофиристон дегувчи, ўз юртдошларини кофир деб, уларга бор нафратини сочувчилардан яна нима кутиш мумкин?! Ўз туғишган ака-укаларини, ёшликдаги дўст-биродарларини кофирлар деб ёмон кўрувчи, меҳрбонлик билан тарбиялаган ота-онасига ҳам дунёга келтиришдаги оддий бир восита деб қаровчи ҳизб вакилларини “имон келтирганларни дўст тутиш” шартини бажарувчи, деб бўладими?!

Ҳизбуттаҳрир ўз аъзоларини илм олмасликка, билимдон бўлмасликка чақиради. Улар илм душманларидир. Уларнинг дунёқарашлари ҳам, ижтимоий ва сиёсий билимлари ҳам ҳаминқадар, холос. Шунинг учун ҳам дунёнинг бирор жойида ҳизбуттаҳрирга қарашли мадраса йўқ, билим маскани йўқ. Фақат урушга тайёрлайдиган полигонлари ва қўлларида варақалари бор, холос. Аллоҳ таоло эса бизни билимсизларга эргашишдан қайтарган:

 

ثُمَّ جَعَلْنَاكَ عَلَى شَرِيعَةٍ مِّنَ الْأَمْرِ فَاتَّبِعْهَا وَلَا تَتَّبِعْ أَهْوَاء الَّذِينَ لَا يَعْلَمُونَ {18}

 

“Сўнгра (эй, Муҳаммад!) Биз Сизни (диний) ишдан иборат шариат узра (барқарор) қилдик. Бас, Сиз ўшанга эргашинг ва билмайдиган кимсаларнинг ҳавойи (фикр)ларига эргашманг!”. (Жосия сураси, 18-оят).

Ҳизбуттахрир оқимининг мана шунга ўхшаган умуман динимиз конун-қоидаларга тўғри келмайдиган кўплаб "фатволари" ва даъволари мавжуд. Ҳозирги кунимизда "Ёмғирдан кейинги кўзиқориндай" кўпайиб кетаётган турли фирқалар, тоифалар, хизблар ва бемазҳаблар Аҳли сунна вал жамоа эътиқоди бўйича тан олинган тўрт фиқҳий мазҳабларнинг бирига хоссатан

Ҳанафий мазҳабига амал қилган ҳолда ибодатларини адо этаётган мусулмонларни фитнага солиш ва тўғри йўлдан адаштириб ўзларининг нотўғри ғаразли ғояларининг қурбонига айлантириш учун турли услублардан фойдаланадилар.

Улар Аллоҳ таолонинг динини тараққий қилдириш ва юксалтириш учун чиққан эмас, балки унинг динини барбод қилишга, Аллоҳнинг динини дунёга ёмон кўрсатишга, дунё бўйлаб исломофобиянинг кучайишига сабабчи бўлган гуруҳдир!

Шундай экан, ҳар биримиз бундай бузғунчи оқим аъзоларидан ва фитналаридан ўзимизни ва фарзандларимизни эҳтиёт қилайлик.

 

Муродилла Аҳмедов,
Наманган тумани "Отавалихон" жоме
масжиди имом-хатиби

Архив

Илтимос, санани танланг!

АУДИОЛАР

Телеграм

Алоқада бўлинг