Қоронғи режим
Image
Logo

САЛАФИЙЛАРНИ БОТИЛ АҚИДАСИ.

САЛАФИЙЛАРНИ БОТИЛ АҚИДАСИ.

   “Салафийлик” ибораси араб тилидаги “салаф” (سلف) сўзидан олинган бўлиб, “аждодлар”, “аввал яшаб ўтганлар” маъноларини англатади.

    Диний истилоҳда “салаф” сўзи муайян бир давр билан боғлиқ маънони беради. Абдуллоҳ ибн Масъуд (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам) шундай дедилар: “Энг яхши давр менинг даврим, сўнг уларга яқин бўлган, сўнг уларга яқин бўлган даврлардир. Сўнгра шундай инсонлар келадики, уларнинг гувоҳликлари қасамларидан, қасамлари эса гувоҳликларидан ўзиб кетади”

   Мазкур ҳадисга асосланиб, ислом уламолари Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васаллам замонларида ва ундан кейинги икки даврда яшаган мусулмонларни салафи солиҳ, яъни солиҳ аждодлар, деб тавсифлайдилар.

   Аммо бугунги кунда салафи солиҳлар йўлини тутиш шиорини ниқоб қилиб, ўзларини салафийлар, деб номлаб олган тоифа пайдо бўлган. Улар асрлар давомида ислом уламолари томонидан ёзилган асарлар ва орттирилган малака, эришилган ютуқларни ўзларида етарли илм ва иқтидор бўлмасада кўр-кўрона рад этиб келмоқдалар.

   Сохта салафийларнинг ботил ақидаларидан бири – саҳоба ва тобеъинлар йўлларидан юрган Аҳли сунна уламолари тутган йўл – “Тафвиз” ва “Таъвил”ни қўйиб, Қуръон ва суннатда келган қоидаларнинг зоҳиригагина кўр-кўрона амал қилишдир.
Маълумки, “тажсим” ва “ташбиҳ” ботил ақидаларидир. Кўпчилик салафийлар ўзларининг биродарларини билиб олиш учун берадиган биринчи саволлари: «Аллоҳ қаерда?» деган саволдир (яъни, суннатга мувофиқ инсоннинг исломи учун “калимаи шаҳодат” талаб қилиниши тўғрисида ижмо қилинган масалага қўшимча қилиб, бошқаларни мусулмон деб ҳисоблаш учун ёмон бидъат ўйлаб чиқарганлар). Улардан бўлган жоҳиллар, Қуръон оятлари ва ҳадисларда келган муташобиҳ оятларнинг зоҳирий маъносига асосланган ҳолда, Аллоҳнинг сурати, жисмоний тана аъзолари, чегараси бор, У Аршда жой олиб ўтиради, У дунёнинг тарафларининг бирида жойлашган ва ҳар тунда пастки осмонга айнан Ўз зоти билан тушиб келади, деб эътиқод қиладилар ҳамда улар билан бунда ҳамфикр бўлмаган барча Аҳли сунна мусулмонларини куфр ва адашувда айблайдилар. Ваҳоланки, Аҳли сунна вал жамоаси ақидасига мувофиқ ижмо қилинганки, Аллоҳ таолога макон, тараф, ҳаракат, жисм сифатини бериш мумкин эмас (чунки, айнан шу нарсалар сабабли яҳудий, насроний ва бошқа динлар Аллоҳни махлуқотларга ўхшатиб, бузуқ эътиқод қилиб, куфрга кетганлар). Яъни, биз суннийлар Аллоҳ таоло макон ва замонни яратишдан аввал қандай бўлса, уларни яратгандан кейин ҳам ўзгаришсиз ўшандайдир, деймиз ҳамда Аллоҳ таолони бошқа пайдо бўлган нарсаларга ўхшаб, дунёнинг олти тарафи (ўнг, чап, олд, орт, уст, ост) ўрай олмаслиги, У Зотни Аршга ва бошқа ҳар қандай Ўзининг махлуқотига эҳтиёжи йўқ эканлигига эътиқод қиламиз. Сохта салафийлар фиқҳий мазҳабларни инкор қиладилар, тасаввуфни тан олмайдилар, айрим мутаассиб тоифалари эса мусулмонларни гуноҳлари сабабли кофирга чиқарадилар.
   Жамият ҳаётида юзага келаётган айрим муаммолар айнан салафи солиҳларга эргашмасликнинг оқибатидир, деб таъкидлайдилар. Ваҳоланки, мазҳаббошилар ва мазҳаб уламоларининг барчаси салафи солиҳларнинг давомчилари бўлиб, ўз даврларида юзага келган муаммоларни Қуръон карим, ҳадиси шариф ва салафи солиҳларнинг сўзларига таяниб ҳал қилиб келмоқдалар.
   Салафийлар Қуръни каримнинг муташобиҳ оятларига тафвиз йўлидан бориб изоҳ берганларни ҳам, таъвил йўлидан бориб изоҳ берганларни ҳам кескин танқид остига олмоқдалар Уларнинг наздида аҳли тафвизлар жаҳмий, аҳли таъвиллар эса таҳрифчи (ўзгартирувчи) эмиш.
   Ҳолбуки, Аҳли сунна жамоаси уламолари тафвизни ҳам, таъвилни ҳам ўзларидан ихтиро қилмаган, балки салафи солиҳлардан ўрганганлар ва умматга қолдирганлар.

Абдулбосит Исроилов,
Янгиқўрғон тумани "Қуллуқтол" жоме масжиди имом хатиби 

Архив

Илтимос, санани танланг!

АУДИОЛАР

Телеграм

Алоқада бўлинг