Қоронғи режим
Image
Logo

БУЮК ФАРЗАНДЛАРНИ ОНАЛАР ТАРБИЯЛАЙДИ

БУЮК ФАРЗАНДЛАРНИ ОНАЛАР ТАРБИЯЛАЙДИ

Халқимизнинг асрлар давомида илдиз отган, бола тарбияси борасида шаклланган қадриятлари бор. Боланинг тарбияси жуда ҳам нозик ва жиддий масала бўлиб, келажакда уларнинг қандай одам бўлиб етишиши мамлакатнинг бевосита иқтисодий, сиёсий, ижтимоий, маданий ва маънавий ривожини белгилаб беради. Шундай экан, халқимиз ўз келажагини ўйлаб фарзандлари тарбиясида ўзига хос тарбия усулларини, болани тарбия қилишнинг қоидаларини ишлаб чиққан.

Аёл миллат тарбиячиси. Қаранг, аёлнинг зиммасига Яратганнинг Ўзи қандай улкан масъулият юклаган. Қандай шарафли вазифа билан мукофотлаган. Фарзандни дунёга келтиришдан бошлаб, барча-барчаси аёлларимиз зиммасида. Буюк фарзандларни буюк оналар тарбия­лайди. Шу маънода, кейинги етти-саккиз йил ичида Ўзбекис­тонда хотин-қизларга оид давлат сиёсати бутунлай ўзгарди. Янгиланди. Ислоҳ этилди. Олий маълумотли, зиёли, олим, ижодкор аёлларимиз сафи кенгаймоқда. Хотин-қизларнинг билим олиши, ўз иқтидорини намойиш қилиши учун барча имкониятлар эшиги очилди.

Аёл бола тарбиясининг бош меъмори, меҳр қўрғонининг подшоси, боласи учун барча қийинчиликларга қалқон, бола руҳиятини маънавий озуқалар билан шакллантирувчидир. Онанинг қалбидаги маънавият, боланинг феълига кӯчади. Ёш бола ота-онасининг қалбидаги руҳиятидан маънавиӣ тарбия олади. Баъзи ота-оналар гапира олмасалар ҳам болаларнинг маънавий рафторларидан тарбия оладилар. Ота-онадаги ҳусни хулқ боланинг қонига, феълига ва қалбига ӯтади. Она ҳомила ва сут эмизиш давридаёқ ниятни яхши қилиб, қалбни поклаши лозим. Чунки шу даврда боланинг феъли шаклланади. Боласини озодаликка риоя қилган ҳолда эмизиш, гигиеник тозалик, бешикдан бошлаб илм ӯргатиш тарбиянинг муҳим жиҳати саналади. 

Тарбияда оиладаги муҳит ҳам муҳим ўрин тутади. Агар оилада зулм бӯлса, золим бола туғилади, тақво бўлса, солиҳ бола туғилади, оилада муҳаббат бӯлса, олим бола туғилади, макр бўлса, мунофиқ бола туғилади. Агар оилада тақво, адолат ва муҳаббат ҳаммаси мукаммал бўлса, буюк инсонлар улғаяди.

Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи ва саллам бир ҳадиси шарифда: “Ҳеч бир ота ўз фарзандига яхши одоб ӯргатишдан ортиқ ҳадя эта олмайди”, дейди. Ўз фарзандларига оқилона тарбия бера олган ота-оналар эса умрларини роҳат ва фароғатда ўтказадилар. Шунда болага эмас, уни тарбия қилган ота-онасига раҳмат, дейилади.

Бола – кичкина одамгина эмас, алоҳида шахс ҳамдир. Шунинг учун уни иззат қилиш, мулоқот мобайнида ҳурматни изҳор этиб туриш зарур. Сиз ота ёки она сифатида шахсий намунангиз ёрдамида бошқа инсонлар билан мулоқот қилишни ўргатинг. Самимиятсиз инсоний муносабат ўрнатиб бўлмайди. Бу ерда назорат ҳақида гап кетмаяпти. Болаларни керагидан ортиқ назорат қилиш, айниқса, кичик ёшдагиларини чўчитиб қўяди. Сиз фақат қўрқитиш ёрдамида “ўзингни яхши тут”, десангиз, у бу нега зарурлигини тушунмайди. Бундан ташқари, катта бўлганида бола сиздан қўрқадиган бўлади.

Имом Ғаззолий айтади: “Болалар ота-оналарига берилган бир омонатдир. Боланинг қалби ҳар қандай нақшу тас­вирдан холи бир қимматбаҳо гавҳардир. Унга қандай нақш солинса, қабул қилади, қаёққа букилса, эгилади. Агар яхшиликка ўргатилса, шу билан ўсади ва дунёю охиратда саодатга эришади. Унинг савобига ота-онаси ҳам, ҳар бир муаллиму устозлари ҳам шерик бўладилар. Агар ёмонликка одатлантирилса, ҳайвонлардек ўз ҳолига ташлаб қўйилса, охир-оқибат ҳалок бўлади. Гуноҳи эса унинг тарбияси учун жавобгар бўлганларнинг гарданига тушади”. Бола тарбиясига эътиборсизлик эртанги бахтсизлик ва мағлубиятдир. 

Баҳодир Валиханов,
Наманган шаҳар “Муҳаммад Паноҳ” 
жоме масжиди имом-хатиби

Архив

Илтимос, санани танланг!

АУДИОЛАР

Телеграм

Алоқада бўлинг