Қоронғи режим
Image
Logo

ЖАННАТ ОНАЛАР ОЁҒИ ОСТИДА..

ЖАННАТ ОНАЛАР ОЁҒИ ОСТИДА..

Маълумки, муқаддас Ислом дини келишидан олдин, жоҳилият даврида  аёлларнинг нафақат ҳуқуқлари поймол қилинган, балки уларга  инсон сифатида эмас, бир мато сифатида муомала қилиниб, бозорларда сотилар эди. Эр вафот этгач, аёл унинг ака-укалари ёҳуд бошқа меросхўрлари томонидан тақсимланиб олинарди. Қиз бола туғилган баъзи оила мотам тутар ва кейинчалик ор-номусга сабаб бўлмасин деб, қизини тириклайин кўмиб юборилар эди.

Ислом дини келгандан кейин аёлларнинг қадри юксак мартабаларга кўтарилди. Аллоҳ таоло Қуръони каримда аёлларга қилинадиган салбий муносабатларни қаттиқ қоралади ва ман қилди. Қизларни яхши тарбия қилганларга ўғил болаларни тарбия қилганлардан ҳам кўп ажрлар ваъда қилинди. Бу ҳақда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар:

 “Кимнинг ҳузурида бир қиз бола туғилсаю уни тириклайин кўмиб юбормаса, камситмаса ва ўғил фарзандини ундан устун қўймаган бўлса, Аллоҳ уни жаннатга киритади” (Имом Аҳмад ва Имом Ҳоким ривояти).

Исломдан олдин ўғил болани қиз боладан устун қўйилар эди. Ислом эса болаларга бирдек қарашни йўлга қўйди, ҳамда қизларга эътибор билан қарашни жаннатга элтувчи амал деб баҳолади.

Яна бир ҳадисда шундай дейилган:

яъни: “Кимнинг учта қизи бўлса ёки учта синглиси бўлса, ёхуд икки қизи, ёки икки синглиси бўлса, уларга гўзал муносабатда бўлса ва уларнинг ҳаққида Аллоҳдан қўрқса, унга жаннат берилур” (Имом Термизий ривояти).

Албатта, бир ёки икки қизни ахлоқ-одобли, диёнатли қилиб тарбиялаб, вояга етказиб, муносиб жойга турмушга бериш осон иш эмас. Одатда кишилар табиатида ўғил фарзандга нисбатан мойиллик бўлиб туради. Қизларга бир оз эътиборсиз бўлади. Шунинг учун ҳам шариатимиз кўрсатмаларида қизлар тарбияси учун қилинган ваъдаларга алоҳида урғу берилган. Бу ҳадиси шарифдан киши ўз қиз фарзандлари тарбиясига қанчалик савоб олган бўлса, сингиллари тарбияси учун ҳам шунчалик савоб олиши маълум бўлмоқда.

Аёл киши она сифатида қадрланади. Қуръони каримнинг бир нечта оятларида онани эъзозлашга, унинг ҳаққини адо этишга буюрилганмиз. Ривоятларда: “Жаннат – оналар оёғи остидадир”, дея таъкидланган.

Абдурахмон Жомий хазратлари:

                      Жаннат саройи мо даронаски

                     Зери қадамоти модаронас.

 таржима:   Жаннат бизнинг қасрларимиздир

                     У Оналаримиз оёқлари остидадир.

Ислом дини ўз аёлларига нисбатан яхши муносабатда бўлган эркакларни инсонларнинг энг яхшилари қаторига қўшади. Бу ҳақда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дейдилар:

яъни: “Мўминларни имон жиҳатидан комилроғи хулқи яхшироғидир.   Сизларнинг энг яхшиларингиз – аҳли аёлига яхшилик қиладиганингиздир” (Имом Термизий ривояти).

Шуни таъкидлаш керакки, аёл киши таом, ичимлик, либос ва шу каби бошқа моддий нарсаларга эҳтиёжманд бўлгани сингари, ширин сўзга, чиройли табассумга, гўзал муомалага, меҳрга муҳтождир. У қалбини завқлантирадиган, ғамни кетказиб, ҳаётни саодатли қиладиган ёқимли ҳазил-мутойибага ҳам баъзи моддий таъминотлардан кўра кўпроқ эҳтиёж сезади.

Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам аёлларига гўзал муносабат ва самимий муомалада бўлганлар. Оиша онамиз разияллоҳу анҳо Пайғамбаримизни сифатлаб шундай деганлар: “У зот аёллари билан холи қолганларида энг мулойим, карамли, хушчақчақ ва сертабассум киши бўлар эдилар”. Ҳатто Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам Оиша онамиз билан югуриш мусобақасини ўтказганлар.

Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламнинг зиммаларида исломни ёйиш, давлатнинг ички ҳолатини мустаҳкамлаш, ташқи душманлардан ҳимояланиш каби масъулиятлари бор эди. Одатан бу ишлар эркак кишини бутунлай машғул қилиб қўядиган нарсалардандир. Ул зот бундан ташқари Аллоҳдан ваҳий қабул қилардилар, доимий ибодатлар ва бошқа буюк ишлар билан машғул бўлардилар. Аммо мана шунча ишларга қарамасдан, зиммаларидаги аёлларининг ҳақларини ҳам унутмаганлар. Уларни ахлоққа чақириб тарбиялашни ҳам, эр-хотинлик муносабатларини ҳам ёддан чиқармаганлар.

Ҳар бир эр аёли билан бўладиган муносабатларда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламни ўзига намуна қилиб олмоғи зарурдир.

 

Баҳодир Шарипов,
Чуст тумани бош имом-хатиби

Архив

Илтимос, санани танланг!

АУДИОЛАР

Телеграм

Алоқада бўлинг