Қоронғи режим
Image
Logo

ПОКЛАНИШ ВА ОҚИБАТ ОЙИ

ПОКЛАНИШ ВА ОҚИБАТ ОЙИ

Айни пайтда мустақил юртимизда муборак рамазон ойи ҳукм сурмоқда ва мазкур ойнинг кириб келиши халқимизга улкан қувонч бахш этмоқда. Жумладан, вилоятимиздаги барча масжидларда таровеҳ намозларида  Қуръони карим ўқилмоқда. Қисқаси, ҳар бир масжидда рамазон шукуҳи давом этмоқда.

Бу ойда тутиладиган рўза инсонда ўз нафсини бошқариш, сабр-қаноатли бўлиш, мақсад сари собитқадамлик билан интилиш каби хислатларнинг шаклланишига хизмат  қилади. Буларга эришган инсон эса ҳаётда дуч келадиган ҳар қандай тўсиқларни осонлик билан енгади. Рўза инсонни ҳалол-покликка чақиради. Унинг қалбини турли ғуборлардан тозалайди.

Рамазон раҳмат ва мағфират ойи. Мазкур ойда мусулмонлар улкан савоб умидида энг эзгу амалларни амалга оширадилар, Аллоҳ таолонинг эзгу ишлар учун ажру мукофотларни бир неча баробар кўпайтириб ато этадиган бу кунларни ғанимат билиб, гуноҳлардан покланишга, ҳайрли ишларни кўпайтиришга шошилмоғимиз керак.

Рамазон ойида пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг саҳоватлари янада ошиб кетар экан. Биз ҳам пайғамбар алайҳиссаломнинг умматлари эканмиз, у зотдан ўрнак олиб, рамазон кунлари қариндош-уруғларга, маҳалламиздаги бева-бечораларга, кам таъминланган оилаларга қўлимиздан келганича моддий ёрдам беришимиз, беморларни бориб кўришимиз керак. Ушбу амаллар айниқса, ушбу муборак ойда кўп савоб бўладиган ишлардир.

Рамазон шукроналик ойидир. Инсонга берилган неъматлар шукрини адо этиш банда учун ҳам ибодат ва Аллоҳнинг унга берган катта мукофотидир. Расулуллоҳ алайҳиссаломдан ривоят қилинган ҳадисларнинг бирида: Аллоҳ таоло бандага бир неъмат берса ва банда унинг шукронаси учун  «Аллоҳга ҳамд бўлсин» деса, шунда у ўша неъматдан ҳам афзалроҳ нарсага эришган бўлади, деганлар.

Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло инсонларга чексиз неъматлар берган. Уларнинг ичида энг улуғларидан бири – тинчлик ва осойишталик неъматидир. Тинчлик ва хотиржамлик бўлган юртда тараққиёт бўлади. Аллоҳ таоло юртимиз фуқароларини ушбу неъмат билан сийлаб, мамлакатимизни турли бало-офатлардан ҳимоя ҳилиб турибди.

Хозирги кунда юртимизда олиб борилаётган улкан бунёдкорлик ишларини қўриб, кўзимиз қувонмоқда, ҳалқ учун шундай қулайликлар бунёд этилишига сабабчи бўлган кишилар хақққига дуолар қилинмоқда.

Барча улуғларимиз рамазон ойида янада сахий, мехрибон ва олийжаноб бўлишган. Масалан, тарихчи Хондамирнинг ёзишича, шеърият мулкининг султони хазрат Алишер Навоий ҳам рамазон ойида  хайр ва садақанинг миқдорини иложи борича кўпайтиришга ҳаракат қилганлар.

«Ҳар кеча улуғ саидлар, замон олимлари, олий мартабали амирлар ва баланд даражали садрлар Навоий ҳазратларининг хузурларида ифтор қилишарди.

Ул ҳазрат меҳмонларни риоя қилиб, овқатни ўзлари тортардилар. Шундан кейингина сахий қўлларини таом ейишга узатардилар», деб ёзади Хондамир.

Абу Ҳурайра (розияллаху анху)дан  шундай ривоят қилинади: «Расулуллох соллаллоху алайхи васаллам бундай дедилар: «Ким халол касб қилган мулкидан бир хурмо миқдорида садақа қилса, Аллох таоло фақат халолини қабул қилади. Сизлардан бирингиз тойчоқни ўстирганидек, уни тоғдек бўлгунича ўстиради».

Шубхасиз, банданинг қилган ҳар бир садақаси бежиз кетмайди. Бунда эса хайр-садаканинг алохида ўрни бор. Хадисда моддий яхшилик, садақанинг олувчидан кўра берувчига фойдаси кўплиги баён этилган. Садақа фойдали бўлиши учун инсон уни халол касби, пешона тери эвазига топган бўлиши керак.

Қисқаси, ушбу ойда эзгу амалларни кўпайтириш гуноҳларга каффорат ва ризқларимизни сероб бўлишига сабаб бўлади, Иншааллоҳ.

 

 Абдулбосит Юнусов,
Янгиқўрғон тумани “Исҳоқ ҳожи” жоме
масжиди имом-хатиби

Архив

Илтимос, санани танланг!

АУДИОЛАР

Телеграм

Алоқада бўлинг