Қоронғи режим
Image
Logo

ИНСОН ҲАР ТОНГ ЯНГИ КУННИ ҚАРШИ ОЛАР ЭКАН

ИНСОН ҲАР ТОНГ ЯНГИ КУННИ ҚАРШИ ОЛАР ЭКАН

Ислом дини инсоннинг ўтаётган ҳар бир куни ва соатидан унумли фойдаланишга тарғиб ҳамда ташвиқ қилади. Зеро, вақтнинг ҳар бир сониясидан унумли фойдаланиш, манфаат берадиган, миллат ва элатга яхшилик қиладиган, моддий ҳамда маънавий юксалишга олиб борадиган хайрли ва савобли ишлар билан машғул бўлиш барчанинг муҳим вазифасидир. Чунки вақтнинг қиймати бебаҳодир.

Инсон ҳар тонг янги кунни қарши олар экан, унинг ихтиёрига йигирма тўрт соат вақт берилади. Бу унга ҳар куни бериладиган ўн тўрт минг тўрт юз қирқ  дақиқа ёки саксон олти минг тўрт юз сониялик фурсатдир. Ўтаётган вақтимиз ҳақида ўйлаб кўрадиган бўлсак, соат милларининг “чиқ-чиқлари”, аслида азиз умримизнинг тўхтовсиз парчаланиб кетаётган онлари эканини ҳис этамиз. Ушбу онлар бизнинг яхши ёки ёмон амалларимизга гувоҳ бўлиб ўтиб бормоқда.

Аллоҳ таоло инсон учун берилган умрни беҳуда ўтказмай, уни яхшилик ҳамда савоб ишларида сарфлаш ва охиратда зое қилинган умр учун афсус-надомат чекмаслик ҳақида огоҳлантириб, жумладан, шундай дейди:

“...Ахир, Биз сизларга эслатма оладиган киши эслатма олгудек узун умр бермаганмидик?! Сизларга огоҳлантирувчи (пайғамбар) ҳам келган эди-ку!” (“Фотир” сураси, 37-оят).

  Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бошқа бир ҳадиси муборакларида вақт ҳамда умр ҳақида айтган ҳадиси шарифлари барчамиз учун ибратдир. Ул зот айтадилар: “Қиёмат кунида банданинг қадами то тўрт нарсадан сўралмагунча жойидан жилмайди: умрини қандай ўтказгани, ёшлигида нима қилгани, молини қаердан топиб, нимага сарф қилгани, илмига қай даражада амал қилгани ҳақида” (Имом Термизий ривояти).

Барчаларимиз ўтаётган ҳар бир сония, дақиқа ҳамда кеча-кундузларимиздан ибрат олишимиз ва унумли фойдаланишимиз керак бўлади. Зеро, кеча ҳамда кундуз янгиларни эскитади, узоқларни яқин қилади, умрларни қисқартиради, ёшларни улуғ ёшга киритади, кексаларни боқийлик сари яқинлаштиради. Шунинг учун барчамиз умрни ғанимат билмоғимиз ва уни энг фойдали ҳамда савобли ишлар билан ўтказмоғимиз лозим.

  Аллоҳ таоло ҳаммаларимизни вақтни зое қилмайдиганлар жумласидан айлаб, уни эзгу амаллар йўлида сарфлайдиган солиҳ ҳамда ғайратли бандалари жумласидан қилсин. Озод ва обод диёримизни янада фаровон айлаб, тинчлик ҳамда хотиржамликда умр кечиришимизни насиб айласин.

Одилхон Абдураҳманов,
Наманган шаҳар “Абдулқодир қори” жоме
масжиди имом-ноиби

Архив

Илтимос, санани танланг!

АУДИОЛАР

Телеграм

Алоқада бўлинг