Қоронғи режим
Image
Logo

РАМАЗОННИ КУТИБ ОЛИШГА ТАЙЁРМИСИЗ?

РАМАЗОННИ КУТИБ ОЛИШГА ТАЙЁРМИСИЗ?

Рамазонга ҳам саноқли кунлар қолди. Биз рамазонни қандай кутиб олишимиз керак? Биз рамазон ойига тайёрмизми? Келинг, бугун шу ҳақда сўз юритайлик.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Сизларга муборак рамазон ойи келди. Аллоҳ азза ва жалла унинг рўзасини тутмоқликни фарз қилди. Унда осмонларнинг эшиклари очилади. Унда жаҳаннамнинг эшиклари ёпилади. Унда шайтонлар кишанбанд қилинади. Унда Аллоҳнинг бир кечаси бўлиб, у минг ойдан яхшидир. Ким у кечанинг яхшилигидан маҳрум бўлса, батаҳқиқ (жуда кўп нарсадан) маҳрум қолибди» -дедилар. (Насоий ва Байҳақий ривояти).

 Аввало, ҳар бир мусулмон рамазон ойини Аллоҳ таоло тарафидан инъом этилган бир фурсат, деб билмоғи ва бу фурсатдан унумли фойдаланиш учун қўлидан келганича ҳаракат қилмоғи лозим. Салафи солиҳларимизнинг рамазон ҳақидаги тушунчалари худди шундай бўлган. Саҳобалар олти ой Аллоҳ таолога дуо қилиб, рамазонга етказишини сўраганлари, рамазон тугаганидан кейин эса олти ой уни қабул қилишини сўраганлари бунга яққол мисолдир. Зеро, Аллоҳ таолодан рамазонга етказишини сўраш ва рамазонга ҳозирлик қилиш Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларидир.

 Оиша розияллоҳу анҳо у зотнинг рамазон ойига қандай тайёргарлик кўрганлари ҳақида шундай дейдилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шаъбон ойида баъзи кунларни ҳисобга олмаганда тўлиқ рўза тутар эдилар». Хўш, рамазонга биз қандай тайёргарлик кўряпмиз?

Афсуски, ҳаётимиздаги барча майда ишларни ҳам эътибордан четда қолдирмай ҳисоб-қитоб қиламиз-у, бироқ рамазон ойи режасини тузишни унутамиз. Оқибатда дунё ва охират учун фойдали бўлган яхшиликдан бепарволик сабабли маҳрум бўламиз. Зеро, охиратнинг ободлиги бу дунёни обод қилиш билан бошланади. Абадий саодатга эришиш учун ибодатларни гўзал тарзда адо этишга одатланиш лозим. Шу сабабли, мўмин-мусулмонларнинг Рамазон ойининг ҳар бир кундузию кечасини ўтказиш тартибини режалаштириб олишимиз керак.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳу дан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ойларнинг энг афзали Рамазон ойидир», деганлар.

Ушбу ой қадимдан юртимизда халқимизга хос меҳр-мурувват, бағрикенглик саҳоват ойи бўлиб келган. Мана шундай савоби улуғ бўлган моҳи Рамазон ойига сиз тайёрмисиз?

Рамазон – ғанимат ойдир. Аллоҳ таоло Рамазон ойининг ҳар бир кунини бандалар савобларини кўпайтириб олишлари учун бошқа ойларнинг кунидан фазилатли қилди. Рамазон ойининг ҳар бир кунининг режасини тузинг. Унинг ҳар бир сониясидан унумли фойдаланиш лозим. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким имон билан, савоб умидида Рамазон кечалари қоим бўлса, унинг ўтган гуноҳлари кечирилади» дедилар. (Имом Бухорий ривоятлари).

Рамазон ва унга тааллуқли бўлган масалаларни пухта ўзлаштириб олинг. Ҳар бир мўмин-мусулмон Рамазон ойи рўзасига оид бўлган масалаларни бу ой келмасидан аввал яхшилаб ўзлаштириб олиши керак. Рўзанинг барча қоидаларини тушунмай, унга кўр-кўрона амал қилиш, гўё мевасиз дарахтдан хосил кутиш каби бўлади.

Рамазон ойида Қуръони каримни ҳеч бўлмаса бир марта бошидан охиригача ўқиб хатм қилиш Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг суннатларидандир.

 Рўзадорларга ифторлик қилиб бериш, мухтожларга хайру садақалар улашиш ушбу ойга хос бўлган амаллардан саналади.

  Аллоҳим, яқинлашиб келаётган Рамазон ойини барча савобидан насибадор этсин ва бу ойни ҳар биримизга муборак қилсин, илоҳим.

Ҳусниддин ТАДЖИБАЕВ,

Наманган шаҳар “Баҳоуддин Нақшбандий”

жоме масжиди имом-хатиби

Архив

Илтимос, санани танланг!

АУДИОЛАР

Телеграм

Алоқада бўлинг