Қоронғи режим
Image
Logo

КЎЧАТ ЭКИШ САВОБЛИ АМАЛ

КЎЧАТ ЭКИШ САВОБЛИ АМАЛ

 

Муқаддас динимизда ҳам кўчат экишлик жуда ҳам савобли иш эканлиги таъкидланади. Бу хақида Анас ибн Молик розийаллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят килади: "Агар бир муслим банда кўчат ўтказса ёки экин экса, ундан қушми, инсонми ёки ҳайвонми еса, бунинг учун унга садақа (қилганлик савоби) бўлади" (Муслим ривояти).

Бу хадис кўчат экиш, деҳқончилик қилиш фазилати ва аҳамияти нечоғлик улуғ эканига далолат қилади ва кўчат экувчиларнинг Аллоҳ даргоҳида эришадиган ажр-савоблардан хабар беради. Ушбу амал инсонга нафақат тириклигида, балки вафотидан сўнг ҳам манфаат етказиб туради, киёмат кунигача садақаи жория сифатида банда фойдасига хизмат килади.

Бошқа бир ривоятда "Агар мусулмон банда бирон кўчат экадиган бўлса, ундан инсон, ҳайвон ёки еса, бу ўша бандага киёмат кунигача садакаи жория бўлади", дейилган (Муслим ривояти).

Демак, киши эккан дарахт бошқалар томонидан истеъмол килинса ҳам, гарчи ўша дарахт вақт ўтиб ўзга одамнинг мулкига айланса ҳам, унинг ҳаққига савоб ëзилиб турилар экан.

Кишининг бундай ажр-савобларга мушарраф бўлишига сабаб шуки, у ҳаёт фаровонлиги, мўминлар манфаат олишлари, қолаверса табиатнинг янада кўркам бўлиши учун ўз ҳиссасини қўшди. У фақат ўзини ўйламади, балки ён-атрофдаги инсонларнинг ҳам манфаатини ўйлаб иш тутди, яхшиликнинг кўпайишига ёрдам берди. Динимиз Исломда бундай ишлар қадрланади.

Ҳикматда айтилади: "Бизлардан олдин ўтганлар кўчат экишди, биз ундан едик. Энди эса, биз экамиз, уни кейинги авлодлар ейди".

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўз умматларига деҳқончилик, хусусан кўчат экишга тарғиб қила туриб шундай деганлар: "Агар қиёмат бўлиб қолса ва биронтангизнинг қўлида хурмо дарахти булса, бас, уни экиб олсин” (Бухорий ва Ахмад ривояти).

Демак, кўчат экиш савобли амаллар сирасига кирар, у киши дунёдан ўтиб, амал саҳифаси ёпилгандан сўнг хам хаққига муттасил равишда савоб бориб туришига сабаб бўлар экан.

Бугун экилган ҳар бир дарахт Ер юзидаги яшил ҳаётни сақлаб қолиш ва фарзандларимизнинг соғлом келажагини таъминлашга хизмат қилади.

Шундай экан, бизлар ҳам бу эзгу ишдан четда қолмайлик, ободончилик ва фаровонлик йўлида қўлимиздан келган чораларни кўрайлик!

Муродилла Аҳмедов,
Наманган тумани "Отавалихон" жоме
масжиди имом-хатиби

Архив

Илтимос, санани танланг!

АУДИОЛАР

Телеграм

Алоқада бўлинг